Инновацион таълим технологиялари
  • 15 Февраль 2014

Инновацион таълим технологиялари

ва интерфаол услубларни амалиётга киритиш изчил давом этмоқда

Мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли навқирон авлоднинг замонавий билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун беқиёс имкониятлар яратилган. Юртимиз ўғил-қизларини баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилаётган бундай эзгу саъй-ҳаракатлар доирасида иқтидорли ўқувчиларнинг чуқурлаштирилган тартибда ва инновацион технологиялар асосида билим олишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни соҳада орттирилган тажрибанинг халқаро миқёсда юксак эътироф этилаётганидан ҳам англаш мумкин.
Хусусан, Гулистон давлат университети ҳузуридаги академик лицейда ўқув жараёни ва амалиётга татбиқ этилган ўзига хос ёндашувлар Президентимиз раҳнамолигида таълим соҳасида қўлга киритилаётган муваффақиятларни ўзида яққол ифода этади.
Мазкур таълим даргоҳида 989 нафар ўқувчи тўртта йўналиш бўйича ўқитилаяпти. Эътиборлиси, уларга энг малакали педагоглар, шу жумладан, Гулистон давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ҳам устозлик қилишмоқда. Лицейдаги кафедраларда мазкур университет билан тузилган шартномага мувофиқ,  профессорлар, фан номзодлари ва  тадқиқотчилар иштирокида очиқ дарслар, давра суҳбатлари ҳам ўтказиб борилмоқда. Шунингдек, барча педагогларнинг инновацион  технологиялар бўйича тизимли равишда малака оширишлари таълим самарадорлигини янада яхшилашга хизмат қилаяпти.
— Бугунги дарс машғулотларимиз ҳам мазмунан, ҳам ташкилий жиҳатдан бутунлай замонавийлашган, — дейди Гулистон академик лицейининг биология фани ўқитувчиси  Дилфуза Абдураимова. — Биз, педагоглар компьютер ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланаётганлигимиз туфайли ўрганилаётган мавзуни ўқувчига  тўлақонли етказиш имкониятига эгамиз. Муҳими,  таълимдаги бундай янгича ёндашувлар ўқувчининг фанларни ўрганишга бўлган қизиқишини янада оширади.
Тажрибали мураббий дарсда “видеокўз” орқали ўз фанига тааллуқли тасвирларни махсус мониторга узатади. Натижада китобдаги манба ва маълумотлардан барча ўқувчилар бирдек воқиф бўлишади.  Турли видеолавҳалар воситасида чет тилидан сабоқ олиш, ўзаро баҳс ва мунозара олиб бориш, умуман,  дарс жараёнида илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш учун кенг имкониятлар яратилган. Хусусан, бу ерда учта компьютер синфхонаси мавжуд бўлиб, уларнинг ҳаммаси интернетга уланган. Яъни ўқувчилар ўзлари қизиққан фанлар бўйича интернет орқали ҳам тегишли маълумотни олишлари мумкин.
Лицейнинг ахборот-ресурс марказида эса адабиётлар ва дарс маърузаларининг электрон кўринишидан фойдаланиш имконияти яратилган. 42 та синфхона ва 3 та лаборатория ҳам замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган. Шунингдек, лицейда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ва самарали ўтказиш мақсадида 9 та умумтаълим фани бўйича, 4 та спорт тўгараги ташкил этилган.
Муҳими, мазкур ўқув даргоҳида билим олганларнинг аксарияти олий таълим муассасалари талабалари бўлишмоқда. Лицей бу борада ҳам вилоятдаги турдош ўқув юртлари ичида етакчилар сирасига киради. Мазкур ўқув даргоҳи битирувчилари орасида хорижнинг нуфузли университетлари талабалари бўлганлар ҳам борлиги бу ерда юксак таълим-тарбия салоҳияти  шаклланганлигидан далолат беради.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn