Мактабгача таълим ва янгича ёндашув
  • 14 Февраль 2014

Мактабгача таълим ва янгича ёндашув

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда БМТнинг Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ ҳамкорлигида мактабгача таълимни жорий этишда янгича ёндашув мавзуида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда жами 5025 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 75 таси нодавлат мактабгача таълим муассасаларидир. Ҳозир уларда 581,5 минг нафар бола тарбияланмоқда. Ушбу кўрсаткич мактабгача ёшда бўлган болаларнинг 23,3 фоизини ташкил қилади. Бу эса мазкур йўналишда бир қатор долзарб вазифаларни бажаришни тақозо этади. Хусусан,  халқ таълими тизимида мактабга тайёрлашнинг ноанъанавий усуллари ишлаб чиқилган бўлиб, ундан кўзланган асосий мақсад мазкур муассасаларда болалар қамровини кенгайтиришдир. Бунинг учун ушбу таълим тизимига интерфаол усулларни татбиқ қилиш, тизимдаги илғор тажрибаларни оммалаштириш зарур.
Бугунги кунда оилаларда тарбияланаётган болаларда мактаб таълимига бўлган кўникмани ҳосил қилиш мақсадида жойлардаги ҳокимликлар, маҳаллалар билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, мактабгача таълим муассасаларига қатнамайдиган оиладаги болалар учун қисқа муддатли  тезкор тайёрлов гуруҳлари, саводхонлик марказлари  очилди. Шунингдек, имконияти чекланган болалар билан алоҳида ишлаш борасида ҳам бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Ушбу йўналишда мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Республика ўқув-методика маркази қошида  “Таълим ҳамма учун” деб номланган маслаҳат маркази иш бошлагани фикримиз далилидир.
Айни пайтда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига ҳам хорижий тилларни ўргатиш борасида бир қатор ишлар қилинмоқда.
Бунда Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда. Бинобарин, “Инглиз тили билан дўст бўламиз” дастури ишлаб чиқилди ва ушбу муассасаларда  4833 та инглиз тили тўгараги фаолияти йўлга қўйилди.
Шунингдек, анжуманда ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда болаларни мактабга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу жараёнга ўқитишнинг энг илғор методлари ва замонавий АКТни кенг жорий қилиш борасидаги манзилли ишлар дастури ҳақида ҳам сўз юритилди. “Бола шахсига йўналтирилган таълим” лойиҳаси доирасида методик қўлланмалар, дастурий воситалар етказиб бериш сингари ишлар шулар жумласидандир.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда инклюзив таълим самаралари, соҳа мутахассисларини тайёрлашнинг замонавий стратегияси, мактабгача таълим қамровини кенгайтириш ва сифатини ошириш масалалари, Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида бу борада амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди. 
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

М. ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn