Ўқувчилар учун имтиёз
  • 14 Февраль 2014

Ўқувчилар учун имтиёз

Фарғона вилоятида умумтаълим мактаблари, академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ўғил-қизлар жамоат транспортидан имтиёзли ва бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Фарғона вилояти бўлими раҳбари Сотволди Обидовнинг таъкидлашича, ҳозир мазкур қулайликдан 50 минг нафардан зиёд ўқувчи баҳраманд бўлаяпти. Ўғил-қизларни автобус ва микроавтобусларда белгиланган манзилга имтиёзли равишда етказиб қўйишда ўқувчилик гувоҳномаси асос бўлиб хизмат қилаяпти.
Айтиш жоизки, бугунги кунда вилоятда 170 га яқин автокорхона йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаяпти. Фарғона шаҳридаги “Фарғона водий навкари” масъулияти чекланган жамияти — шулардан бири. Ҳозир унинг ихтиёрида 120 та автобус мавжуд бўлиб, 13 та йўналиш бўйлаб қатновлар амалга оширилаяпти. Хусусан, автокорхона хизматларидан кунига 5000 нафардан зиёд ўқувчи бепул фойдаланаётгани эътиборга молик.
— Икки нафар фарзандим жамоат транспортида ўқишга қатнайди, — дейди Фарғона шаҳрида яшовчи Мафтуна Рустамова. — Вилоятимиз ҳокимлиги томонидан жорий қилинган имтиёз туфайли ҳозир ҳар ойда салмоқли маблағни тежаб қолаяпмиз. Бунинг ҳисобига фарзандларимиз учун қўшимча ўқув жиҳозлари, бадиий адабиётлар харид қилаяпмиз. Қолаверса, ўқувчилар давомати ва дарс самарадорлиги янада яхшиланганидан ота-оналар ҳам, таълим муассасалари маъмурияти ҳам мамнун.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn