Сайқал топаётган истеъдод
  • 13 Февраль 2014

Сайқал топаётган истеъдод

Юртимизда барча соҳаларда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, туб ўзгариш ва янгиланишлар замирида Ватанимиз ободлиги ҳамда халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлаш билан бир қаторда, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдек улуғвор мақсадлар мужассам.

Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур қарорга асосан, Жиззах вилоятида 17 та болалар мусиқа ва санъат мактаби халқ таълими бошқармаси тасарруфига ўтказилди. Шунингдек, 14 та шундай таълим муассасаси қурилиши бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастур ишлаб чиқилди. Ўтган даврда улардан 9 таси янгидан бунёд этилган бўлса, 3 таси капитал реконструкция қилинди.
Вилоят марказидаги 1-сонли мусиқа ва санъат мактаби шулар жумласидан. 2010 йилда қад ростлаган, лойиҳа қиймати 1,7 миллиард сўмга тенг бўлган мазкур муассаса замонавий талабларга жавоб берадиган ва барча қулайликка эга маънавият маскани сифатида алоҳида эътироф этилади.
— Мактабимизда фортепьяно, торли-камонли, дамли ва зарбли чолғулар, ўзбек халқ чолғулари, анъанавий, эстрада хонандалиги, созандалиги, хореография, театр, тасвирий ҳамда амалий, компьютер графикаси каби йўналишлар бўйича 210 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда, —  дейди муассаса директори Гулзода Бегбўтаева. — Яқинда ашула ва рақс ансамблини ташкил этдик. Шунингдек, бу ерда  дарсдан ташқари, “Ниҳол” эстрада ансамбли ва “Шалола” фольклор-этнографик ансамбли доимий равишда фаолият кўрсатиб, вилоятда ўтадиган турли тадбирларда фаол иштирок этиб келмоқда.
Мактабда хор, эстрада, оркестр, хореография ҳамда алоҳида катта ва кичик концерт заллари мавжуд. Назарий ва амалий машғулотлар энг илғор педагогик технологиялар, ноанъанавий усуллар асосида ҳамда индивидуал тартибда ўтказилаяпти. Бу эса ўқувчиларнинг мусиқа ва санъат сирларини чуқур ўрганишларида муҳим омил бўлмоқда. Натижада улар орасидан янги истеъдод эгалари етишиб чиқиб, турли танловларда совриндорлар сафидан ўрин эгаллашаяпти.
— Икки йилдан буён эстрада йўналиши бўйича таҳсил олаяпман, — дейди Ҳамидулла Турдиқулов. — Мактабимизда яратилган шарт-шароитлар ва устозларимнинг сабоқлари туфайли қисқа вақтда кўп нарсани ўргандим ҳамда бир қатор танловларда иштирок этишга эришдим. Жумладан, ўтган йили май-июнь ойларида ўтказилган “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, мусиқа ҳамда санъат мактаблари ўқувчилари ўртасидаги академик ва эстрада хонандалиги республика кўрик-танловларида 2-ўринни эгалладим. Декабрь ойида ўтказилган “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалида эса 4 нафар мактабдошим билан совриндор бўлдим.
Албатта, жаҳон андозалари асосида бунёд этилаётган бу каби маънавият масканларида келажагимизнинг ҳақиқий ворислари таълим-тарбия олмоқдалар ҳамда иқтидор ва истеъдодини камол топтирмоқдалар. Зеро, ёшларнинг юксак маънавиятли шахс бўлиб вояга етишлари барчамизнинг эзгу мақсадларимиздан биридир.

Улуғбек АДИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn