Ташаббус, тажриба, самара
  • 19 Ноябрь 2014

Ташаббус, тажриба, самара

Юртимизда хорижий тилларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича кўрилаётган изчил чора-тадбирлар юксак натижалар бермоқда. Хусусан, дарс машғулотларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда илғор педагогик услублар асосида ташкил этилиши самарадорликни оширишга хизмат қилаётир.

Чунончи, Сирдарё вилоятидаги 1-сонли хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни нафақат республикамиз, балки минтақада ҳам яхши билишади. Негаки, у ЮНЕСКОнинг Бирлашган мактаблар тармоғи аъзоси ҳисобланади. Қолаверса, бу ерда фаолият юритаётган чет тили ўқитувчилари Феруза Аҳмедова ва Элдор Юсуповнинг иш тажрибалари Осиё ҳамда Тинч океани мамлакатлари ўқув даргоҳларида эътироф этилган.
— Ўқувчиларимизга инглиз ва француз тилларини чуқур ўргатамиз, — дейди мактаб-интернат директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Зульфира Аҳмедова. — Масалан, машғулотлар жараёнида юзга яқин турдаги таълим технологияларидан фойдаланамиз. Бундан ташқари, интерфаол машғулотларга ҳам кенг ўрин берилган. Ўйин-мусобақа тарзидаги дарсларимиз болаларнинг сўз бойлигини оширишда жуда қўл келаяпти.
Дарвоқе, мазкур ўқув маскани электрон доска, магнитола, ДВД-плейер, мультимедиа воситалари билан жиҳозланган. Фан кабинетида ҳар бир ўқувчи алоҳида компьютердан фойдаланиш имкониятига эга. Айни чоғда интернет тармоғида муассасанинг ўз веб-сайти мавжуд. Унга энг яхши дарс ишланмалари киритиб борилади. Ушбу илғор тажрибалар билан барча педагоглар танишишлари мумкин. Бу ерда таҳсил олиш истагидаги болалар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётганининг боиси шунда. Муҳими, уларнинг аксарияти истеъдодли, изланувчан ўғил-қизлардир. Бу мактабгача таълим муассасаларида ҳам чет тили ўқитиш юқори савияда олиб борилаётганидан далолат беради. Бир мисол: жорий йилда тест синовлари асосида ушбу ўқув масканига 120 нафар ўқувчи қабул қилинган бўлса, шундан 40 нафари Гулистон шаҳридаги “Қувонч” хорижий тилларга ихтисослаштирилган таянч мактабгача таълим муассасасининг тарбияланувчиларидир.
Дарвоқе, “Қувонч” —  чет тилларни ўргатиш бўйича вилоятдаги ўзига хос тажриба боғчаси саналади. Бу ердаги тайёрлов гуруҳларида ҳафтада уч соат, катта гуруҳларда 2 соат, ихтисослаштирилган гуруҳларда эса ҳар куни хорижий тиллардан кичкинтойларга сабоқ берилмоқда.
— Машғулотларнинг барчасини болаларнинг қизиқишларига мос ҳолда ташкил қилганмиз, — дейди МТМ услубчиси Азиза Мирмаҳмудова. — Яъни улар асосан ўйинлар тарзида ўтказилади. Шунингдек, расмлар, мультфильмлардан ҳам кенг фойдаланамиз.
Таъкидлаш ўринлики, ҳозир Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳудуддаги жами 672 нафар ўқитувчининг 560 нафари малакаси оширилди, фан кабинетлари замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Айни чоғда вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти томонидан таълим даргоҳларига методик-услубий қўлланмалар, намунавий электрон дарсликлар тақдим этилмоқда. Хорижий тилларни ўқитиш самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилаётган кўрик-танловлар эса ўқитувчилар учун ҳам, ўқувчилар учун ҳам бирдек рағбат бўлаяпти.


Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


СУРАТЛАРДА: Гулистон шаҳрида жойлашган 1-сонли хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва шаҳардаги “Қувонч” хорижий тилларга ихтисослаштирилган таянч мактабгача таълим муассасаси фаолиятидан лавҳалар.


Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Узлуксиз таълим ва ҳамкорлик Ёшларга туҳфа »