Узлуксиз таълим ва ҳамкорлик
  • 15 Ноябрь 2014

Узлуксиз таълим ва ҳамкорлик

Мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшларимизнинг замонавий илм-фан, касб-ҳунар сирларини пухта ўрганишларининг муҳим омили бўлмоқда.

Айниқса, бу борада педагогларнинг малакасини ошириш, уларнинг ўқувчи ҳамда талаба-ёшлар билан ҳамкорлигини кучайтириш юксак самара бермоқда. Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Узлуксиз таълим тизимида ҳамкорлик педагогикаси” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференцияда ҳам ана шулар ҳақида сўз борди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон педагогика фанлари илмий тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимиз олий ва ўрта махсус таълим муассасалари ҳамда хорижий давлатлар университетларидан профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва ёшлар иштирок этди.
Таъкидландики, истиқлолнинг дастлабки йилларидан ҳаётга татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури фарзандларимизнинг замонавий таълим муассасаларида маънан етук, жисмонан соғлом бўлиб камол топишларида, малакали мутахассис бўлиб шаклланишларида муҳим омил бўлаяпти.
Шунингдек, ўтган йиллар мобайнида ўқув масканлари замонавий кўриниш касб этиб, зарур ўқув жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари билан тўлиқ таъминланди. Натижада таълим тизимини ахборотлаштириш, ягона таълим тармоғини ташкил этиш, электрон дарсликлардан оқилона фойдаланиш, хорижий таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри ҳамкорликка киришишга эришилди.
Тадбирда умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг малакасини ошириш, уларнинг ахборот технологиялари билан самарали ишлашларини таъминлаш ҳамда салоҳиятли кадрларни тайёрлашда профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар ўртасидаги самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришга бағишланган маърузалар тингланди.

Д. СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn