Қадимий ва навқирон илм маскани
  • 11 Ноябрь 2014

Қадимий ва навқирон илм маскани

Аждодларимиз томонидан яратилган илмий, интеллектуал мерос халқимизнинг маънавий дурдонаси саналади.

Истиқлол туфайли ана шу улкан бебаҳо бойликни асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш, айниқса, ёшларимизнинг онгу шуурига сингдиришда катта ишлар амалга оширилаяпти.
Давлатимиз раҳбарининг 1997 йил 11 ноябрда “Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони бу борадаги тарихий воқеалардан бири бўлди.
Маълумки, ўрта асрларда Шарқ илм-фани ривожида Хоразм Маъмун академияси алоҳида ўрин тутган. Бу муқаддас маскан йирик кутубхона, мадраса, шунингдек, таржимон ва хаттотлар мактабига эга бўлиб, унда юздан ортиқ алломалар, истеъдодли талабалар илмий изланишлар олиб борган. Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби буюк мутафаккирлар айнан мана шу даргоҳда умумбашарий кашфиётларга асос солганлар.
Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг юксак эътибори ва ташаббуси билан Хоразм Маъмун академияси тарихий мавқеини қайтадан тиклади. Бу ерда йирик ҳажмдаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Бинонинг фасадига мос миллий услубда пешайвон ўрнатилди, хиёбон барпо этилди, интерьер замонавий услубда безатилди, лабораториялар шинам ҳолга келтирилди. Натижада академия воҳадаги энг муҳташам бой илмий муассасага айланди. Бундай шарт-шароитлар эса нафақат юртимиз олимлари, балки хорижлик мутахассисларнинг самарали тадқиқот олиб боришлари учун замин яратди.
Ҳозир ушбу қадимий ва навқирон илм масканида Хоразм тарихи, унинг ўзига хос маданияти, экологияси, ер ва сув ресурсларини ўрганиш бўйича илмий изланишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, 14 та лойиҳа доирасида 40 нафардан ортиқ илмий ходим, жумладан, 7 нафар фан доктори, 24 нафар фан номзоди илмий тадқиқот билан машғулдирлар.
Академия илмий ходимлари ўтган қисқа вақт ичида қадимги ва ўрта асрларга оид кўплаб этнографик, археологик материалларни топиб, ўрганишди. Жумладан, “Тошқалъа” шаҳарчаси, “Уч ўчоқ” қўрғон-сағанаси, мўғуллар истилосигача бўлган даврга оид “Мешекли” қалъа-қўрғони ва ушбу қўрғон сағаналарида амалга оширилган археологик дала ишлари ўзбек давлатчилиги тарихига оид нодир манбалар тўплашга кўмак берди. Мазкур саъй-ҳаракатлар маҳсули сифатида “Хоразм давлатчилиги тарихи” монографияси нашрга тайёрланди.
Шунингдек, қирққа яқин олий ўқув юртлари ҳамда касб-ҳунар таълими муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Ёшлар илмий даргоҳимизда ташкил этилган “Кичик академия”да турли фан сирларини ўрганиб боришади.
Мухтасар айтганда, академияда олиб борилаётган кенг қамровли илмий изланишлар, хулосалар мамлакатимиз илм-фани тараққиётини юксалтиришга, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Машариф АБДУЛЛАЕВ,
Хоразм Маъмун академияси
илмий котиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn