Малакали мутахассис ва тараққиёт
  • 25 Октябрь 2014

Малакали мутахассис ва тараққиёт

Юрт равнақи, давлат тараққиётида етук мутахассисларнинг ўрни беқиёс. Шу боис истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг ўқув ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илғор технологияларни жорий этиш соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишига айланди.

Айниқса, ёшларни илму маърифатли қилиб тарбиялаш, ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси билан яшашга ўргатиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиш ниятида истиқлол йилларида 30 мингдан зиёд бакалавр, 2 мингга яқин магистр кадрлар тайёрланди. Айни пайтда улар халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият кўрсатмоқдалар. Шу кунларда эса қиймати 390 миллион 810 минг сўмлик фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар устида изланишлар олиб борилаяпти.
Айтиш жоизки, университетимиз Темпус, Эрасмус Мундус дастурлари бўйича халқаро лойиҳаларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этмоқда. Профессор-ўқитувчиларимиз Австрия, Латвия, Польша, Италия, Словакия, АҚШ, Англия, Венгрия, Малайзия каби мамлакатлардаги олий ўқув муассасаларида тажриба орттириб келишмоқда. Ривожланган чет эл олий ўқув юртлари ва илмий марказларида кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида халқаро шартномалар тузилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли талабаларнинг билим олишдаги шарт-шароити яхшиланибгина қолмай, профессор-ўқитувчиларнинг кўнгилдагидек ишлашлари учун ҳам пухта замин яратилди. Бу эса уларни ўз устида тинимсиз изланишга ундамоқда.
Натижада ўтган йиллар давомида профессор-ўқитувчиларимиз томонидан 255 номзодлик, 38 докторлик диссертацияси ҳимоя қилингани ҳам фикримиз исботидир. Худди шунингдек, талабаларимиздан 3 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси, 160 нафари Навоий, Улуғбек, Беруний ва Бердақ номидаги давлат стипендиялари, 2 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофоти, 3 нафари эса “Ниҳол” мукофотини қўлга киритдиларки, бу бизни қувонтиради.
Талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидорини юзага чиқаришда университетимиздаги 53 та тўгарак ва клубнинг ўрни беқиёс. Айниқса, спорт тўгараклари ёшларимизни ўзига кўпроқ жалб этмоқда. Шунинг учун бўлса керак, йигит-қизларимиз олий таълим муассасалари ўртасида мунтазам ўтказилаётган Универсиада спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Президентимизнинг олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлашга доир қарори туфайли университетимизда ҳам ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Замонавий тарзда бунёд этилган бош бинодан ташқари, бешта катта ўқув биноси, ахборот-ресурс маркази, талабалар саройи, спорт комплекси, ётоқхона ва замонавий ускуналар билан жиҳозланган бошқа иморатлар шулар жумласидандир. Ҳозир эса 13 миллиард 100 миллион сўмлик маблағ йўналтирилган ҳолда, университет бинолари реконструкция қилинаяпти. Қолаверса, таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилган. Аудио-видео техникалардан ташқари, мавжуд 450 га яқин компьютерларнинг барчаси интернетга уланган. Дарслар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда олиб борилади. Олтита мультимедиа, 3 та маърузалар аудиторияси, 10 та видео-маъруза хонаси, 21 амалий мулоқот, 16 та компьютер синфи, 13 та интернет ўқув хонаси қайта жиҳозланди.  
Таълим муассасамизнинг ахборот-ресурс маркази 500 минг 817 китоб фондига эга бўлиб, шунинг 326 минг 737 таси дарслик ва ўқув қўлланмалари, 18 минг 707 таси электрон дарслик, ўқув-услубий қўлланмалар, қолгани илмий, бадиий, ижтимоий-сиёсий адабиётлардир. Булардан айни пайтда 10 мингга яқин китобсеварлар самарали фойдаланмоқда. Талабаларга мустақил иш учун кенг имкониятлар яратилган. “ZiyoNet” материаллари, 1700 дан зиёд маъруза матнларининг электрон, 1200 дан ортиқ қоғоз вариантлари, шунингдек, 700 га яқин электрон дарсликлар талабалар хизматида.
Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимиз таълим тизимида ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш, ёшларни юртга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида барча шарт-шароит яратилди. Етишиб чиқаётган билимли мутахассислар эса давлатимиз равнақи йўлида камарбаста бўлишлари, шубҳасиз.

М. ЖУМАНОВ,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ
давлат университети ректори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn