Ижодий парвозга қанот
  • 18 Октябрь 2014

Ижодий парвозга қанот

Ёш авлодга пухта таълим-тарбия бериш, иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан саналади.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Халқ таълими вазирлиги ва “Камалак” болалар ташкилоти ҳамкорлигида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивали ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилаётган лойиҳалардан биридир. Мазкур ижодий анжуман болажонлар истеъдодини кенг миқёсда намоён этиш, билими ҳамда маънавий дунёқарашини бойитиш, улар қалбида ижодкорлик, яратувчанликка иштиёқ уйғотишда катта аҳамият касб этмоқда. 
Кеча фестивалнинг пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган Тошкент шаҳар босқичи ғолибларини тақдирлаш маросимида ҳам шулар ҳақида сўз юритилди.
Ташкилотчиларнинг айтишича, бу йилги танловда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган 36 мингдан зиёд ўғил-қиз қатнашаётир. Иқтидор эгалари мумтоз ва миллий мусиқа, қўшиқ, рақс, тасвирий ва амалий санъат ҳамда бадиий ижод йўналишларида ўзаро беллашишмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар босқичида 5800 нафар бола иштирок этиш истагини билдирган. Улардан 410 нафари шаҳар саралаш босқичида иқтидор ва маҳоратини намойиш қилиш имконига эга бўлди.
— Наққошлик ҳамда ганчкорликка қизиқишим юқори, — дейди танловнинг “Тасвирий  ва амалий санъат” йўналиши ғолиби Миразиз Мирсаидов. — Ўзим таҳсил олаётган Учтепа туманидаги 38-умумтаълим мактабида айни шу йўналишдаги тўгаракка қатнайман. Бу касб инсондан диққат-эътибор, нозик дид талаб қилади. Келгусида ижодий ишларим билан халқаро миқёсдаги танловларда қатнашиб, юртимиз номини янада улуғлашга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Якунда энг иқтидорли деб топилган 20 нафар ўғил-қиз танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn