Марказнинг янги сайти
  • 07 Февраль 2014

Марказнинг янги сайти

Ўзбекистон алоқа тарихи музейида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази расмий веб-сайтининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур сайт “UZINFOCOM” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази томонидан ишлаб чиқилди. Унда инсон ҳуқуқлари ҳимоясига оид барча ҳуқуқий ва бошқа маълумотлар, шунингдек, бу борада хорижий тажрибалар ҳақидаги ахборотлар жамланган.
Янги ахборот ресурси www.insonhuquqlari.uz   ва www.pravacheloveka.uz манзилларида жойлашган бўлиб, янги сайт барча замонавий имкониятларга эга. Шунингдек, унда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи мутахассисларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролари билан алоқа қилиши учун қулай шарт-шароит яратилган.
Веб-сайтга материаллар ўзбек, рус ва инглиз тилларида жойлаштирилади. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан чоп этиладиган журналлар ҳақида маълумот олиш, нашрлар каталоги ва тегишли адабиётлар билан ҳам танишиш мумкин. Бундан ташқари, фото, аудио ва видеоматериалли медиатека бўлими ҳам фаолият юритмоқда.

Қўшимча қулайлик
Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали юртдошларимиз ўз ҳуқуқ ва манфаатлари бузилаётгани ҳамда уларни ҳал этишга етарлича эътибор берилмаётгани тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига бевосита мурожаат қилиш имконига эга бўлди.
Порталда йўлга қўйилган ушбу янги хизмат кўриб чиқиш муддатларини асоссиз чўзиш, кредитлар ёки ер участкаларини ажратиш тартибларини бузиш, текширишларнинг кўпайиб кетиши ва бошқа молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишлар, субъектив омиллар ва тадбиркорлик фаолиятига ғов бўлувчи бюрократик тўсиқлар каби эҳтимолли муаммоларни ҳал этишга қаратилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида ҳукумат раҳбарига ариза ва шикоятларни 8 (800) 200-18-18 телефон рақамига қўнғироқ қилган ҳолда юбориш ҳам мумкин.

Модернизация қилинади
Пойтахтимизда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат органлари мутахассислари учун “АКТни жорий қилишнинг муҳим йўналишлари ва давлат идоралари веб-сайтларини модернизация қилиш” мавзуида семинар бўлиб ўтди.
Анжуманда давлат органлари веб-сайтлари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йилнинг 31 декабрида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ахборот-коммуникация технологиялари ривожланиш ҳолатини баҳолаш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этишга оид маърузалар тингланиб, тегишли масалалар юзасидан мутахассисларнинг билим ва кўникмалари оширилди.
Тадбирда барча давлат идоралари веб-сайтлари жорий йилнинг 1 мартигача мазкур қарорда белгилаб берилган меъёр ҳамда талаблар асосида модернизация қилиниши лозимлиги қайд этилди.

Элбек ДОЛИМОВ.

Муҳандисларимиз ихтироси
Нефть ва газ саноатида фойдаланиладиган бурғилаш ускуналарининг тормоз колодкалари ўта қаттиқ, ишқаланиш ва иссиққа бардошли фрикцион материалдан тайёрланади.
Андижон шаҳридаги “Саховат” масъулияти чекланган жамияти муҳандислари тормоз колодкаларининг сифатини янада оширишга имкон берадиган материал ихтиро қилдилар.
Айтиш жоизки, хориждан келтирилувчи бундай колодкалар 25-30 компонентдан таркиб топган. Маҳаллий маҳсулотнинг асоси эса бирмунча содда, айни пайтда таннархи арзон. Қувонарлиси, “Саховат”чилар юртимиз нефть-газ саноати корхоналарига импорт ўрнини босувчи 690 миллион сўмлик маҳсулот етказиб бериш бўйича буюртмалар олдилар.
Жамият раҳбари Акмалжон Комиловнинг билдиришича, бу ерда яқин орада автомобиллар учун мўлжалланган тормоз колодкаларини тайёрлаш ҳам ўзлаштирилади.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn