Соғлом ва баркамол авлод тарбияси
  • 03 Сентябрь 2014

Соғлом ва баркамол авлод тарбияси

мамлакатимизда умуммиллий даражага кўтарилган бўлиб, устувор аҳамиятга эгадир

Ватанимизнинг тараққиёти йўлида, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсининг тобора юксалишида, ҳаётимизнинг барча йўналишларидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда ёш авлод таълим-тарбияси муҳим ўрин тутади. Шу  боис  юртимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан  бири этиб белгиланган. Президентимиз ташаббуси билан соҳага изчил татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури жаҳон андозалари даражасидаги таълим даргоҳларини барпо этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, жиҳозлар, компьютер техникаси билан таъминлаш имконини берди.
Мактабларда таълим сифатининг оширилиши, тарбия беришнинг ўзига хос усулларидан кенг фойдаланилаётгани, фарзандларимизнинг иқтидор ва салоҳияти юзага чиқарилаётгани ана шундай изчил ислоҳотлар мевасидир. Бундай чора-тадбирлар замирида ҳам ана шу мақсад, яъни ўғил-қизларимизнинг келажак тақдирини ўйлаш орқали эртанги тараққиётга мустаҳкам пойдевор қўйишдек эзгу ғоя мужассам.
...Анъанага кўра, янги ўқув йилининг биринчи сабоғи мактабларда “Мустақиллик дарси” билан бошланди. “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган илк дарсларда келажак сари интилаётган ёшларга она-юртга муҳаббат туйғуси, миллий ўзликни англаш, энг бебаҳо, энг азиз неъмат — МУСТАҚИЛЛИГИМИЗни асраб-авайлаш ва қадрлаш ҳисси ҳар бир фарзанднинг бурчи эканлиги яна бир бор таъкидланди.
Мактаб остонасига эндигина қадам қўйган жажжи ўқувчиларга эса “Мустақиллик дарси” бошланишидан аввал Президент совғаси ҳадя этилди. Болажонлар Юртбошимизнинг оталарча ғамхўрлигини ҳис этиб, беҳад қувондилар. Зотан, бугун уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай униб-ўсиши, улғайиши учун барча имконият яратилаётир. Ёшларимиз янгича, замон талабига хос, жаҳон андозаларига мос таълим стандартлари асосида бунёд этилган кўркам ва муҳташам ўқув масканларида билим олмоқда.
Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, янги ўқув йилида 9739 та умумтаълим мактабида 4 миллион 458 минг 162 нафар ўқувчи таълим олади. Жумладан, бу йил 587 минг нафардан зиёд ўғил-қиз 1-синфга қадам қўйди. Уларнинг барчасига “Президент совғаси” сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари ва ўқувчи портфелидан иборат совғалар тантанали равишда топширилди.
“Мустақиллик дарси” соатларида Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқига алоҳида эътибор қаратилди.
— Юртимизда ўзининг юксак салоҳияти, кенг дунёқараш ва ноёб истеъдоди, мислсиз кашфиётлари туфайли жаҳон аҳлини ҳайратлантириб келаётган улуғ алломалар камол топган, — дейди “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳибаси, Сирдарё туманидаги 13-умумтаълим мактабининг директори Зулхумор Холиқова. — Айтайлик, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби алломаларимизнинг асарлари орадан неча асрлар ўтса ҳамки, дунё тамаддунида ўз улуғворлигини сақлаб келмоқда. Бу эса озод ва обод Ўзбекистонимизнинг азиз фарзандлари — фаол, интилувчан, иқтидорли ва маънавий фазилатларга эга, замонавий билим ҳамда касбларни чуқур эгаллаган — эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлмиш ёшларни камол топтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимизнинг мазкур нутқи ёшларни аждодларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялаш ва уларда ватанпарварлик фазилатларини кучайтириш ҳамда бу борадаги тарғибот ишларини тизимли ташкил этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Юртбошимизнинг ушбу халқаро конференциядаги маърузасини жорий йил сентябрь-октябрь ойларида умумтаълим мактабларининг 9-синфларида факультатив курс сифатида ўқитиш йўлга қўйилади. Шунингдек, 3 — 8-синфларда “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Тарих”, “Адабиёт”, “Математика”, “Кимё”, “Физика” ва “Иқтисодий билим асослари” фанларининг тегишли мавзулари мазмунига сингдириб ўқитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
2014 йилда жами 381 умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди, шундан 220 таси реконструкция қилинди, 161 таси капитал таъмирланди. Ушбу мақсадларга жами 282 млрд. сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, жорий йилда жами 3 024 та умумтаълим мактаби ҳамда 48 та болалар мусиқа ва санъат мактабини 106,2 млрд. сўмлик мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари ҳамда мусиқа чолғу асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Буларнинг барчаси юртимизда билимли, юксак ижодий-интеллектуал салоҳиятли ва маънавиятли, ҳар жиҳатдан соғлом авлодни вояга етказиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин ифодасидир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ, Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn