Куч — билим ва тафаккурда
  • 06 Февраль 2014

Куч — билим ва тафаккурда

2013/2014 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендиялари танлови ғолиблари

Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича

Каттаханова Дилнозахон Собир қизи
(Хорижий тиллар таълим йўналишлари бўйича)

1991 йил 2 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон миллий университети “Филология (инглиз тили)” таълим йўналиши 4-курс талабаси. Республика ва университет миқёсидаги фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Тил ва адабиёт соҳасида қатор ижобий натижаларга эришган. 2009 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлган. Инглиз ва немис тилларини мукаммал ўзлаштирган.
Шу кунларда “Инглиз тилида лингвистик усуллар: ўзбек ва рус тилларига таржима масалалари (бадиий матнлар мисолида)” мавзуида тадқиқот ишлари билан банд.

Шамсиев Анвар Акбарович
(Қишлоқ ва сув хўжалиги таълим йўналишлари бўйича)

1990 йил 21 февралда Самарқанд вилоятида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалик институти “Агрономия” таълим йўналиши 4-курс талабаси. Ўқиши давомида юқори рейтинг натижаларига эришиши билан бир қаторда, республика ва институт миқёсида ўтказиладиган қатор кўрик-танловлар, мусобақалар ва илмий-амалий анжуманларда мунтазам қатнашиб келмоқда. 2012/2013 ўқув йилида Беруний номидаги Давлат стипендияси совриндори бўлган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Ресурс тежовчи технологиялардан фойдаланиб, арзон ва сифатли деҳқончилик маҳсулотларини етиштириш” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.

Азимов Шавкат Шухратович
(Техника ва информатика таълим йўналишлари бўйича)

1990 йил 18 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент кимё-технология институти “Биотехнология” таълим йўналиши 4-курс талабаси. Республика ва институт миқёсидаги кўрик-танловлар, илмий анжуман ҳамда конференцияларда мунтазам қатнашиб келмоқда. Ўқишда фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирганлиги, танловларда муваффақиятли қатнашганлиги ва жамоат ишларида фаол иштирок этганлиги учун кўплаб диплом, фахрий ҳамда мақтов ёрлиқлари билан тақдирланган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги кунда “Микросувўтлари асосида озуқа еми қўшимчалари” мавзуида тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Жураева Умидахон Юнусалиевна
(Табиий фанлар таълим йўналишлари бўйича)

1992 йил 2 октябрда Самарқанд вилоятида туғилган. Самарқанд давлат университети “Математика” таълим йўналиши
4-курс талабаси. Халқаро ва республика миқёсидаги фан олимпиадалари ҳамда танловларда мунтазам қатнашиб келмоқда. Шу жумладан, 51-халқаро математика олимпиадасида (2010 й., Остона ш.) кумуш медаль, 2011 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти, 2012/2013 ўқув йилида Улуғбек номидаги Давлат стипендияси совриндори бўлган. Инглиз тилини чуқур ўзлаштирган.
Айни вақтда “Гармоник ва полигармоник функцияларнинг баъзи хоссалари” мавзуида тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда.

Ахмедова Назокат Ниғмаджон қизи
(Ижтимоий-гуманитар ва ижтимоий фанлар таълим йўналишлари бўйича)

1991 йил 12 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат педагогика университети “Ўзбек тили ва адабиёти” таълим йўналиши 4-курс талабаси. Ўқишда эришган юқори рейтинг натижалари билан бирга, республика ва университет илмий журнал ҳамда тўпламларида ўзининг илмий-оммабоп, долзарб мавзулардаги мақола ҳамда тезислари билан мунтазам қатнашиб келмоқда. Университетда ўтказиладиган жамоатчилик ишлари ва тадбирларда фаол иштирок этади. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозир “Ўзбек ва ҳинд халқи фольклор асарларининг фалсафий-ахлоқий, бадиий-эстетик моҳиятини қиёсий таҳлил қилиш, поэтик тафаккур муштараклигини очиб бериш” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.

Адашалиев Аҳрорбек Нематович
(Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот таълим йўналишлари бўйича)

1989 йил 5 июнда Андижон вилоятида туғилган. Андижон давлат тиббиёт институти “Даволаш иши” таълим йўналиши
7-курс талабаси. Республика ва институт миқёсидаги турли журналлар, илмий-амалий анжуманларда ўзининг соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича илмий-оммабоп, долзарб мавзулардаги мақола ҳамда тезислари билан мунтазам қатнашиши билан бир қаторда, жамоатчилик тадбирлари ва спорт мусобақаларида ҳам ўзининг иқтидори ва тиришқоқлиги билан фаол иштирок этиб келмоқда. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Шу кунларда “Метаболик синдромдаги носпецифик иммунитет ҳолати” мавзуида тадқиқот ишлари билан банд.

Саъдуллоев Ҳабибулло Ибодулло ўғли
(Бизнес ва бошқарув таълим йўналишлари бўйича)

1991 йил 29 июнда Бухоро вилоятида туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университети “Маркетинг” таълим йўналиши 4-курс талабаси. Ўқиш давомида фанларни аъло баҳоларга ўзлаштирганлиги билан бир қаторда, республика ва университет миқёсидаги фан олимпиадалари ҳамда танловларда фаол иштирок этиб келмоқда. 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси талабаларининг фан олимпиадаси республика босқичида Менежмент ва маркетинг фанидан биринчи ўринни эгаллаган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги вақтда “Маркетинг ва харид психологияси” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.

Жўраева Гулбаҳор Абдуғаффор қизи
(Педагогика таълим йўналишлари бўйича)

1990 йил 2 апрелда Сурхондарё вилоятида туғилган. Тошкент ирригация ва мелиорация институти “Касб таълими (соҳа бўйича)” таълим йўналиши
4-курс талабаси. Ўқишда юқори рейтинг натижаларига эришганлиги, республика ва институт миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар, умумхалқ байрамлари, тадбирлар ва спорт мусобақаларида фаол иштирок этганлиги учун кўплаб диплом, сертификат, фахрий ҳамда мақтов ёрлиқлари билан тақдирланган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозир “Педагогик технологияларни жорий этишда соҳа хусусиятларининг аҳамияти” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.

Абдурасулов Шохрух Абдинаимович
(Маданият, санъат ва спорт таълим йўналишлари бўйича)

1991 йил 27 августда Тошкент вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик” таълим йўналиши 4-курс талабаси. Санъатшунослик соҳаси бўйича республика ва институт миқёсидаги илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, маънавий-маърифий тадбирлар ва кўрик-танловларда мунтазам иштирок этиб, юқори натижаларга эришган. Инглиз тилини чуқур ўзлаштирган.
Айни вақтда “Замонавий ўзбек театрида инсценировка амалиёти: адабий ва саҳнавий ечим муаммолари” мавзуида тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда.

Холбаев Санжар Илхомович
(Ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар таълим йўналишлари бўйича)

1987 йил 1 декабрда Сирдарё вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро иқтисодий муносабатлар” таълим йўналиши 5-курс талабаси. Аъло баҳоларга ўқиши билан бир қаторда, республика ҳамда университет миқёсидаги турли журналлар, илмий-амалий анжуманларда ўзининг иқтисодий-ижтимоий мавзулардаги илмий-оммабоп мақола ва тезислари билан мунтазам қатнашиб келмоқда. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозир “Мамлакат иқтисодиётига хорижий капиталларни жалб қилишни такомиллаштириш масалалари” мавзуида изланишлар олиб бормоқда.

Магистратура мутахассисликлари бўйича

Буматова Аидахон Мергановна
(Хорижий тиллар мутахассисликлари бўйича)

1991 йил 17 июнда Самарқанд вилоятида туғилган. Самарқанд давлат чет тиллари институти “Лингвистика (инглиз тили)” мутахассислиги 2-курс талабаси. Фанлардан аъло баҳоларга ўқиши билан бирга, республика ва институт миқёсида ўтказиладиган илмий-амалий анжуманларда, кўрик-танловлар ва жамоатчилик ишларида ҳам мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. 2011 йили Навоий номли Давлат стипендияси совриндори бўлган. Инглиз ва немис тилларини мукаммал ўзлаштирган.
Ҳозирги вақтда “Инглиз реалияларини таржима қилиш” мавзуига бағишланган илмий иш билан шуғулланмоқда.

Жумаев Дилмурод Олимович
(Қишлоқ ва сув хўжалиги мутахассисликлари бўйича)

1989 йил 1 декабрда Бухоро вилоятида туғилган. Тошкент ирригация ва мелиорация институти “Ер ресурсларидан фойдаланиш ва бошқариш” мутахассислиги 2-курс талабаси. Ўқиш давомида бир қанча ютуқларга эришганлиги билан бирга, республика ҳамда институт миқёсидаги турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ва тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Инглиз тилини мукаммал ўзлаштирган.
Ҳозир “Бухоро вилояти ер ресурсларидан самарали фойдаланишни бошқаришнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш” мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Ўлмасов Зикрилло Обидович
(Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот мутахассисликлари бўйича)

1987 йил 1 февралда Фарғона вилоятида туғилган. Андижон давлат тиббиёт институти “Неврология” мутахассислиги 3-курс талабаси. Республика ва институт миқёсидаги илмий журналлар, илмий-амалий конференцияларда неврология соҳаси бўйича илмий-оммабоп мақола, тезис ҳамда маърузалари билан фаол иштирок этиши билан бир қаторда, кўрик-танловлар, жамоатчилик тадбирлари ва спорт мусобақаларида мунтазам қатнашиб келмоқда. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Бугунги кунда “Ишемик инсульт билан оғриган беморларда депрессия тарқалиш даражаси” мавзуига бағишланган илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Абдугафурова Зилола Абдуллаевна
(Ижтимоий-гуманитар ва ижтимоий фанлар мутахассисликлари бўйича)

1988 йил 2 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат шарқшунослик институти “Адабиётшунослик” мутахассислиги 2-курс талабаси. Фанларни аъло баҳоларга ўзлаштириши билан бир қаторда, институтда ўтказиладиган жамоатчилик ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этади. Республика ҳамда институт миқёсидаги илмий анжуманларда мақола ва тезислари билан мунтазам қатнашиб келмоқда. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Айни вақтда “Узоқ Шарқ мамлакатлари шеъриятида модернизм ва унинг миллий хусусиятлари” мавзуида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Хўжатов Нурбек Жумабоевич
(Табиий фанлар мутахассисликлари бўйича)

1990 йил 1 июнда Хоразм вилоятида туғилган. Урганч давлат университети “Математик таҳлил” мутахассислиги 2-курс талабаси. Ўқиш давомида бир қанча ютуқларга эришганлиги билан бирга, республика ва университет миқёсидаги турли илмий-амалий анжуманлар, умумхалқ байрамлари ҳамда тадбирларда билими, иқтидори билан фаол иштирок этиб, кўплаб диплом, фахрий ёрлиқ ва сертификатлар билан тақдирланган. Инглиз тилини мукаммал ўзлаштирган.
Ҳозирги вақтда “Биомеханик жараёнларни математик моделлаштириш” мавзуида илмий изланишлар билан шуғулланмоқда.

Қаҳҳоров Азизжон Ахрор ўғли
(Бизнес ва бошқарув мутахассисликлари бўйича)

1992 йил 15 апрелда Навоий вилоятида туғилган. Тошкент молия институти “Корпоратив молия ва қимматли қоғозлар бозори” мутахассислиги 2-курс талабаси. Республика ва институт миқёсидаги турли журналлар, илмий-амалий анжуманларда ўзининг корпоратив молия соҳаси бўйича мақола ҳамда маърузалари билан мунтазам қатнашиб келади. Умумхалқ байрамлари, тадбирлар ва спорт мусобақаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Инглиз тилини чуқур ўзлаштирган.
Айни вақтда “Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида корпоратив молия муносабатларини такомиллаштириш йўналишлари” мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда.

Камалова Дилнавоз Ихтиёровна
(Педагогика мутахассисликлари бўйича)

1990 йил 11 майда Самарқанд вилоятида туғилган. Навоий давлат педагогика институти “Физика ўқитиш методикаси” мутахассислиги 2-курс талабаси. Ўқишда юқори натижаларга эришаётганлиги билан ажралиб туради. Республика ва институт миқёсидаги фан олимпиадалари, илмий анжуманлар ҳамда кўрик-танловларда мунтазам қатнашиб келмоқда. 2010 йилда Улуғбек номидаги Давлат стипендияси совриндори бўлган. Инглиз тилида эркин сўзлашади.
Ҳозирги кунда “Мустақил таълимни ривожлантириш имкониятлари” мавзуида илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланмоқда.

Пайзиева Чарос Алишер қизи
(Маданият, санъат ва спорт мутахассисликлари бўйича)

1991 йил 24 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти “Дастгоҳли ва китоб графикаси” мутахассислиги 2-курс талабаси. Ўқишда юқори рейтинг натижаларга эришиш билан бирга, халқаро ҳамда республика миқёсида рассомчилик соҳаси бўйича ўтказилаётган кўрик-танловлар, кўргазмалар ва маданий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келмоқда. 2010 йил Навоий номидаги Давлат стипендияси совриндори бўлган. Инглиз тилини яхши ўзлаштирган.
Шу кунларда “Тарих саҳнасида аёл сиймоси, амалий ва назарий таҳлили” мавзуида илмий изланишларни олиб бормоқда.

Толибов Беҳзод Иброҳим ўғли
(Техника ва информатика мутахассисликлари бўйича)

1991 йил 8 августда Навоий вилоятида туғилган. Навоий давлат кончилик институти “Металлургия” мутахассислиги 2-курс талабаси. Фанлардан аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, республика ва институт миқёсида ўтказиладиган фан олимпиадалари, илмий-амалий анжуманларда, кўрик-танловларда ҳам мунтазам равишда иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2011 йили Навоий номидаги Давлат стипендияси совриндори бўлган. Инглиз тилини ўзлаштирган.
Ҳозирги кунда “Мураккаб таркибли сульфидли олтин мишякли руда ва концентратларни қайта ишлаш технологияси” мавзуига бағишланган илмий изланишлар олиб бораяпти.

Ибрагимова Азиза Рузибоевна
(Ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар мутахассисликлари бўйича)

1991 йил 31 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат юридик университети “Фуқаролик ҳуқуқи” мутахассислиги 2-курс талабаси. Ўқишда юқори рейтинг натижаларга эришиш билан бирга, ўқув юрти томонидан ўтказилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари, кўрик-танловлар ва маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келмоқда. Илмий журнал ҳамда илмий-амалий анжуманларда илмий-оммабоп мавзулардаги мақола ва тезислари билан иштирок этган. Инглиз тилини яхши ўзлаштирган.
Шу кунларда “Халқаро хусусий ҳуқуқда эрк мухторияти” мавзуида илмий изланишларни олиб бормоқда.

Терехина Александра Борисовна
(Журналистика мутахассисликлари бўйича)

1990 йил 19 октябрда Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. Ўзбекистон миллий университети “Ахборот хизматлари технологиялари” мутахассислиги 2-курс талабаси. Республика ва университет миқёсидаги илмий журналлар ва конференцияларда долзарб мавзулардаги мақола ҳамда тезислари билан фаол иштирок этган. Журналистика соҳасига бағишланган кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашиб, бир қатор диплом ва сертификатлар билан тақдирланган. Инглиз тилини юқори даражада ўзлаштирган.
Ҳозир “Ахборот хизматининг маданият ва санъат масалаларини ёритишдаги фаолияти Ўзбекистоннинг имижини шакллантириш омили сифатида” мавзуига бағишланган илмий тадқиқот ишлари билан банд.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn