Юксак эътибор, беқиёс ғамхўрлик
  • 26 Август 2014

Юксак эътибор, беқиёс ғамхўрлик

навқирон авлоднинг чуқур билим олиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда

Анъанага мувофиқ, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз — Мустақиллигимизнинг 23 йиллик шодиёналари олдидан республикамизнинг ҳар бир ҳудудида кўркам иншоотлар, гузар ва замонавий уй-жойлар қуриб, фойдаланишга топширилаяпти. Таълим муассасаларининг бутунлай янги қиёфаси, у ердаги шарт-шароитлар барчани бирдек қувонтирмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан ва маънан баркамол бўлиб улғайиши учун барча имконият яратиб берилмоқда. Аввало, Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг мантиқий давоми бўлган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурига мувофиқ, республикамиздаги қарийб барча таълим даргоҳлари жаҳон талаблари асосида қурилди ва капитал таъмирланди. Улар энг сўнгги ўқув жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлангани ёшларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай пухта билим олишларига замин яратмоқда.
Жорий йилда ҳам бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 18 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил учун Инвестиция дастури тўғрисида”ги қарорига кўра, юртимиздаги 381 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Уларнинг ташқи ва ички кўриниши бутунлай янгиланиб, таълим сифатини юксалтиришга хизмат қилувчи шароитлар яратилди.
Ишонамизки, буларнинг барчаси фарзандларимизнинг янги ўқув йилида янада кўтаринки руҳ ва ғайрат-шижоат билан билим олишларига кўмак беради.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ўқувчиларни зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда 2014 йилда 605 номдаги 34,5 миллион нусха адабиётлар чоп этилиб, таълим муассасаларига етказиб берилди. Мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларнинг ота-оналари учун “Болажон” таянч дастури асосида 5 номдаги қўлланма тайёрланди. Булар “Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш”, “Математик тасаввурларни шакллантириш”, “Бадиий асарлар тўплами” (2-қисм), “Соғлом танда — соғ ақл” каби қўлланмалар бўлиб, кўп нусхада кўпайтирилди ва ота-оналарга тарқатилди.
Айни пайтда эса биринчи синфга қабул қилинадиган ўқувчиларга “Президент совғаси” сифатида 12 номдаги ўқув қуроллари ва сумкалар ҳозирлаб қўйилган. Ўйлаймизки, бундай эътибор ва рағбат мурғак қалб эгаларини қунт билан билим олишга, жонажон Ватанимизнинг содиқ ўғлонлари бўлиб вояга етишга ундайди.
Шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги савдо мажмуалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳамда умумтаълим мактаблари қошида мактаб бозорлари ишлаб турибди. Қолаверса, тоғли ва чўл ҳудудларида 134 та кўчма дўкон фаолият кўрсатмоқда. Уларда 26 турдаги ўқув қуроллари ва жиҳозларининг барчаси муҳайё қилинган.
Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ўсиб келаётган ёш авлодни тилларга ўқитиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва бу борада хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни юқори поғонага кўтаришга асос бўлди. Бугунги кунда янги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларидан келиб чиқиб, инглиз, немис, француз тилларида дарслик мажмуалари тайёрланди. Ўқув масканларининг чет тили кабинетлари замонавий компьютер, DVD-магнитола, кўргазмали қуроллар, электрон доска ва дидактик материаллар билан тўлиқ жиҳозланди.
Бугун мамлакатимиз таълим тизимида ана шундай ижобий ўзгаришлар ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. Бу эса, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Файзулла АҲМЕДОВ,
Халқ таълими вазирлиги Таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш
Бош бошқармаси бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn