Амалий дастур, илғор ёндашув
  • 21 Август 2014

Амалий дастур, илғор ёндашув

Пойтахтимизда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Британия Кенгашининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамкорлигида “Инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлашнинг янги дастури” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган интенсив-тренинг дастури давом этмоқда.

Тадбирда сўзга чиққан Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Эдгар ҳамда бошқалар мамлакатимизда таълим тизимига оид ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида юқори малакали инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлашга алоҳида эътибор берилаётганини таъкидлади. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Тренингда республикамизнинг 18 та олий ўқув юртидан 160 нафар инглиз тили ўқитувчилари иштирок этаяпти. Айтиш жоизки, мазкур олий таълим муассасаларида 2013 йилдан буён янги дастур асосида инглиз тили ўқитувчилари тайёрланмоқда.

— Бугунги кун ҳар бир педагогдан кучли билим ва машғулотларга янгича ёндашишни талаб этаяпти, — дейди Британия Кенгашининг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жамила ўуломова. — Ўз навбатида, ушбу дастур замонавий инглиз тили ўқитувчиларини тайёрлашга ҳамда ўқув дастурларини такомиллаштириш ва уни модернизация қилишга қаратилган. 

Шунингдек, лойиҳа доирасида замонавий ўқув материалларини тузиш, сифатли баҳолаш тизимини амалиётга татбиқ этиш, ўқитувчи ва мураббийларнинг малакасини доимий равишда ошириб бориш ҳамда талабаларнинг мустақил ишлашини рағбатлантиришга йўналтирилган амалий машғулотлар ташкил қилинади.

Дилмурод СОДИҚОВ.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn