Фан ва амалиёт уйғунлиги
  • 20 Август 2014

Фан ва амалиёт уйғунлиги

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон геология соҳасини самарали ривожлантиришда фан ва амалиёт интеграцияси” мавзуида халқаро илмий-техникавий конференция бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз ва кўплаб хорижий давлатлардан икки юздан зиёд олим ҳамда мутахассислар, экспертлар қатнашди.

Юртимиз замини ўз бағрига кўплаб турдаги маъданлар, ер ости ва усти бойликларини жо қилган. Бу табиий ресурслар давлатимизнинг умуммиллий бойлиги бўлиб, миллий қонунчилигимизга кўра, улардан оқилона фойдаланиш зарур. Шу боис истиқлол йилларида геология соҳасида илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, қазиб олинаётган хом ашёларни чуқур қайта ишлаш йўлга қўйилган. Президентимизнинг 2010 йил 27 августдаги “Геология-разведка ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунда дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. 

Дарҳақиқат, мазкур ҳужжатга мувофиқ, геология ва разведка ишларининг кўлами кенгайтирилиб, қайта ишлаш ҳамда қурилиш саноати корхоналарининг минерал хом ашё базаси мустаҳкамланмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Минерал ресурслар илмий тадқиқот институти ҳамда Гидрогеология ва муҳандислик геологияси институти давлат корхоналари томонидан ташкил этилган мазкур халқаро анжуман эса геология соҳасида эришилган ютуқларимизни намойиш этиш билан бирга, бу йўналишда халқаро алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилади. Негаки, унинг ишида қатнашчилар Ўзбекистон минерал хом ашё базасини янада кенгайтириш имкониятлари, юртимиз ва хорижлик олимларнинг кўп йиллик изланишлари, кашфиётлари ва хулосалари билан яқиндан таништирилди. 

Конференциянинг шўъба мажлисларида эса соҳада фан ва амалиёт интеграциясини кенгайтириш, бу борада истиқболли режаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, бошқа муҳим масалалар атрофлича муҳокама қилинди. 

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn