Тест натижалари эълон қилинди
  • 19 Август 2014

Тест натижалари эълон қилинди

Билим олиш, изланиш ва келажакда етук малакали мутахассис бўлиб етишиш орзусидаги ўғил-қизлар мустақил ҳаётга қадам қўйдилар. Эндиликда улар ўзлари қизиққан таълим йўналиши бўйича олий ўқув юртида таҳсил олиб, юксак марралар сари интилишда давом этадилар.

Муҳими, бундай қатъиятли ёшлар учун юртимизда барча шарт-шароит муҳайё этилиб, илмга чанқоқ йигит-қизларнинг замонавий асосда пухта билим олиши йўлида беқиёс имкониятлар яратилаётир. 

Қувонарлиси шундаки, бугун илм-фан, санъат, спорт, саноат, техника ва технологиялар соҳаси жадал тараққий этиб бораётган бир пайтда чуқур билим ҳамда кенг дунёқараш соҳиби бўлишга, замон билан ҳамнафас яшашга интилаётган шижоатли йигит-қизларимиз сафи тобора кенгаймоқда. 

Тест натижалари эълон қилингач, олий ўқув юртлари олдида синовдан муваффақиятли ўтган минглаб йигит-қизлар, ота-оналарнинг хурсандчилигию ҳаяжонига гувоҳ бўлдик.

— Ўғлимиз — Абдулла Абдушерозов Солиқ академиясига талабаликка қабул қилинди, — дейди пойтахтлик Хадича Шафқарова. — Ўғлимнинг танлаган йўлидан қайтмай, албатта, талаба бўламан, дея тинимсиз ўқиб изланганлиги рўёбга чиққанидан беҳад хурсандман. 

Қайд этиш жоизки, Президентимизнинг шу йил 26 июнда қабул қилинган “2014/2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорига биноан, янги ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 минг 907 нафар талаба қабули белгиланган бўлса, шундан 19 минг 120 нафари давлат гранти, 38 минг 787 нафари тўлов-контракт асосида ўқиш имконига эга бўлди. Шунингдек, махсус сиртқи бўлимларга умумий қабул квотаси 115 тани ташкил этди. Жорий йилда абитуриентлардан тушган жами аризалар сони 543 мингдан зиёд бўлиб, бир ўринга ўртача танлов 9,4 тани ташкил қилди. 

— Пухта билим олган, изланган киши, албатта, ўз мақсадига эришишига яна бир карра амин бўлдим, — дейди Ўзбекистон Миллий университетининг талабалигига муяссар бўлган Наргиза Содиқова. — Ҳужжатларимни мазкур таълим масканининг ўзбек филологияси факультетига топширган эдим. Талабалик бахтига эришганимдан жудаям хурсандман. Эндиги ниятим, аъло ўқиб, келгусида Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшадиган мутахассис бўлишдир.

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, икки йилдан буён юртимизда тест жавобларини олий ўқув юртига келмасдан ҳам билиш имконияти яратилган эди. Жорий йилда ҳам бу қўшимча хизмат талабаликка даъвогарлару уларнинг яқинларига қулайлик туғдирди. Хусусан, абитуриентлар тест имтиҳонлари жавоблари билан нафақат ўзлари ҳужжат топширган олий ўқув юртларида махсус ўрнатилган стендлар орқали, балки СМС ва “Click” хизматидан ҳам фойдаландилар.

Маълумот учун айтиш керакки, тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриент тест синовлари натижаси эълон қилинган кундан бошлаб ўн беш кун мобайнида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма тартибда апелляция шикояти бериш ҳуқуқига эгадир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn