Маърифат ва маънавият хазинаси
  • 04 Февраль 2014

Маърифат ва маънавият хазинаси

Китоб ҳар бир қалб эгасининг йўлини ёритувчи маёқ, маслакдош дўст, маънавий камолотга етакловчи ҳамроҳдир. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимиздаги мавжуд зиё масканлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бирига айланди.

Бунда Президентимизнинг “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим  дастуриламал бўлиб келаётир. Ҳозир ўз ахборот-ресурс марказига эга бўлган Республика болалар кутубхонасида анъанавий технологиялар асосида хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиб бораяпти. Бу эса китобхонларимиз сафининг янада кенгайишида муҳим омил бўлмоқда. Айни пайтда кутубхона фондида 219 мингдан зиёд адабиётлар ва 100 дан ортиқ бошқа турдаги нашрлар мавжуд бўлиб, улар фаннинг барча соҳалари бўйича болалар ёшини ҳисобга олувчи бадиий адабиётлар, илмий-оммабоп нашрлар, ижтимоий-сиёсий китоблар, журналлар, Ўзбекистонда ва Ҳамдўстлик давлатларида нашр қилинган болалар ҳамда катталар учун газета-журналлар, энциклопедия-луғатлар, видео-аудио кассеталардир.
Фойдаланувчиларга қулайлик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилмоқда. Қолаверса, бу ерда  жисмоний имкониятлари чекланган ўқувчилар учун махсус аудио, видео дарсликлар ҳам мавжуд. Муассасамиздаги болалар адабиёти саккизта бўлимга ажратилган. Чунончи, мактаб ёшигача ва 1 — 4-синф ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлими болаларни кутубхонага жалб этиш баробарида, уларнинг билим ва маърифатга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилса, кейинги бўлим
5 — 9-синф ўқувчиларига таълим ресурслари бўйича ахборот хизмати  кўрсатади. Бинобарин, китобхонларни ҳар томонлама етук инсон қилиб вояга етказиш, уларда китобга меҳр уйғотиш айнан ана шу бўлимлардан бошланади. Қолаверса, муассасамизда компьютер синфи фаолияти ҳам йўлга қўйилган. 
Эътиборли томони, кутубхонамизда доимий равишда китобхонлар конференциялари, “Ёзувчилар — болаларга” ижодий учрашувлари, давра суҳбатлари, викторина ҳамда адабий кечалар уюштирилади. Пойтахтимиздаги мактаблар, боғчалар, шунингдек, коллеж ва академик лицей ўқувчилари  ижодий учрашувларнинг доимий иштирокчиларидир.
 Кутубхонанинг интернетдаги расмий сайти — kitob.uz нинг ташкил этилгани  эса ўқувчилар учун янада қулайликлар яратди. Ушбу сайт ўзбек ва рус тилларида фаолият кўрсатмоқда. У асосан, ўқувчи-ёшлар учун мўлжалланган маълумотлар билан тўлдирилиб, юз мингга яқин электрон китоблар ва турли соҳалардаги маълумотлар базаси яратилган. Мазкур сайт орқали ўқувчилар кутубхона фондидаги бадиий адабиётлар, қўлланмалар ва электрон дарсликлар билан муфассал танишишлари мумкин. Бугун сайтда китобхонлар учун ўнлаб саҳифалар мавжуд бўлиб,   ҳар бир китобхон ўз уйидан туриб, ушбу сайт жавонидан ўзига керакли бўлган китобни топиб ўқиш имкониятига эга. Шу кунларда сайтнинг “Нодир китоблар” саҳифасини тайёрлаш бўйича амалий ишлар давом этаяпти.
 Президентимизнинг “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасалари ва бошланғич синф ўқувчилари учун инглиз тилида “Interesting games” машғулотларини ташкил этдик. Унда иштирокчилар турли расмлар, видеолавҳалар орқали инглиз тилини ўрганишлари йўлга қўйилди.
Кутубхоналар бир неча асрлик тарихни ўз ичига олган ноёб китоблар, қўлёзмалар, шунингдек, инсон маънавий тамаддунининг бой хазинасини жамлаган даргоҳдир. Китоб билан дўст тутинган фарзанд эса юксак маънавиятли, кенг дунёқарашли бўлиб камол топиши муқаррар.

Дониёр ЎРОЛОВ,
Республика болалар кутубхонаси директори.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn