Табиат бағридаги сабоқ
  • 14 Август 2014

Табиат бағридаги сабоқ

Бугун юртимизда фарзандларимизнинг етук ва баркамол бўлиб улғайишлари учун барча имконият яратилган. Биргина халқ таълими тизимига қарашли мактабдан ташқари таълим муассасаларида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар келажагимиз ворисларининг билимини ошириш билан бир қаторда уларда турли касб-ҳунарга меҳр уйғотишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, “Баркамол авлод” республика болалар ўлкашунослик ва экология марказида ўқувчиларга ўлкашунослик ҳамда сайёҳлик, табиатшунослик, экология ва саломатлик каби йўналишларда қўшимча сабоқ берилмоқда. “Ёш ўлкашунос”, “Ёш экскурсовод”, “Ёш эколог”,  “Фольклор”, “Моҳир қўллар”, “Тўқиш”, “Ёш мусаввир”, “Компьютер графикаси ва дизайни”, “Карвинг декорацияси”, “Инглиз тили” каби тўгаракларда болалар мунтазам равишда касб сирларини ўрганиб боришади.

Марказ муҳташам бинода жойлашган. Ҳар бир тўгарак хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган. Айниқса, Ахборот-ресурс марказида 3 мингга яқин қўлланмалар, тавсияларнинг борлиги фойдаланувчилар учун қўшимча қулайликлар яратмоқда. Ўқувчилар улардан фойдаланиш асносида турли расмлар, анимациялар яратишаяпти, кийим-кечаклар, пойабзалларнинг янгича дизайнлари устида ишлашмоқда.

Марказ томонидан юртимизнинг турли ҳудудларида жойлашган экологик боғлар ва музейлар, сўлим тоғ бағрига саёҳатлар уюштириш ҳам яхши анъанага айланган. Жумладан, иштирокчилар Бўстонлиқ туманидаги ёзги дам олиш оромгоҳларида тез-тез бўлишиб, тоғ жинслари, ўсимликлар дунёси ҳақида геолог ҳамда табиатшуносларнинг маърузаларини тинглашади. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга уюштирилаётган сафарлар ёшларда катта таассурот қолдирмоқда. Улар шаҳар ва унинг қадимий обидалари тўғрисида қимматли маълумотларга эга бўлишаяпти. Энг муҳими, кўрган-кечирганларини ўз ижодларида акс эттиришмоқда. Болажонларнинг бу каби сафарлардан олган таассуротлари “Обод юрт — бахтли келажак”, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, “Оила — маҳалла — таълим даргоҳи”, “Ватан келажаги учун менинг ҳиссам” каби кўрик-танловларда ўз аксини топмоқда. Муҳими шундаки, ёшларимизнинг ижоди нафақат мамлакатимизда, балки хорижда бўладиган халқаро танловларда ҳам эътироф этилаётир.

Мухтасар айтганда, марказимиз ёшларнинг севимли масканига айланиб улгурди. Зеро, бу ерда болаларнинг қобилияти тобланмоқда, иқтидори шаклланаяпти. Бу эса келгусида уларнинг юрт корига ярайдиган фарзандлар бўлиб камол топишларида муҳим аҳамиятга эга бўлиши муқаррар.

 

Лола ЕШМУРЗАЕВА,

«Баркамол авлод»

республика болалар

ўлкашунослик ва экология маркази раҳбари.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn