Анъанавий август кенгаши
  • 14 Август 2014

Анъанавий август кенгаши

ўқитиш сифатини юксалтиришга хизмат қилади

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази, Тошкент шаҳар халқ таълими Бош бошқармаси вакиллари ҳамда илғор педагоглар иштирокида 2014/2015 ўқув йилида амалга ошириладиган ишларга бағишланган анъанавий август кенгаши ўтказилди.

“Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган мазкур ўқув-семинарда сўзга чиққанлар мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимига изчил татбиқ этилаётган ислоҳотлар ўзининг ёрқин самарасини бераётганини таъкидлашди.

Хусусан, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастури асосида узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида мислсиз ўзгаришлар рўй берди. Республикамиз бўйлаб қарийб барча мактаблар замонавий ўқув жиҳозлари, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Шу боис бугун фарзандларимиз фан олимпиадалари, кўрик-танлов ва фестивалларда ўз иқтидорларини намойиш этиб келмоқдалар. Яқинда Корея Республикасида бўлиб ўтган мактаб ўқувчилари ўртасидаги халқаро математика мусобақаси, Вьетнамда ўтказилган кимё фани бўйича Бутунжаҳон олимпиадасида ёшларимиз қўлга киритган ютуқлар барчамизга фахру ифтихор бағишлайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, таълим муассасаларида чет тилини ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чет тилини ўқитиш бўйича давлат таълим стандартлари яратилди. Унга кўра, ўқувчилар 1-синфдан бошлаб хорижий тилни дарслик сифатида ўрганиб борадилар. Бунинг учун мактабларимиз зарур ўқув қўлланмалари, ахборот ва мультимедиа воситаларига эга. Бунда нафақат ўқувчилар, балки “Ўрган — ўргат” тамойилига мувофиқ, ота-оналар ҳам дарсда қатнашиб, ўз кўникмаларини ошириб боришлари мумкин.

Анжуманда янги ўқув йилида педагогларимиз олдида турган муҳим вазифалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Жумладан, таълим сифатини юқори босқичга кўтариш, педагогик жамоаларда ижодий муҳитни янада яхшилаш, дарс жараёнига инновацион технологияларни кенг жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилади. Шунингдек, жойларда барча қулайликка эга намунали мактаблар, фан ўқитувчилари учун “Инглиз тили сабоқлари” дарслари, ўқувчиларни маълум касбга йўналтириш мақсадида тўгараклар ташкил этилади.

 

Дилмурод СОДИҚОВ.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn