Юксак эътибор шарофати
  • 06 Август 2014

Юксак эътибор шарофати

Ёшлар — ифтихоримиз. Улар эртанги кунимизнинг ишончи ва таянчи. Шу боис навқирон авлодга ғамхўрлик кўрсатиш, уларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган.

Бинобарин, ёшларимизнинг кундан-кун қадамлари илдам, нияти ва истаклари бардавом, кўкси сарбаланд, имконияти эса тобора юксалиб бормоқда. Истиқлолимизнинг 23 йиллиги арафасида ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда таҳсил олаётган ёшларимиз яна бир катта натижани қўлга киритдилар. 

Яқинда Вьетнамда кимё фани бўйича Бутунжаҳон олимпиадаси бўлиб ўтди. Дунёнинг 75 давлатидан қарийб 300 нафар билимдонлар иштирок этган ушбу тадбирда юртимиз жамоаси битта олтин, битта кумуш ва 2 та бронза медали соҳибига айланди. Бу, албатта, Президентимиз раҳнамолигида таълим тизими ривожига юксак эътибор қаратилиб, ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. 

Кимё фани бўйича Бутунжаҳон олимпиадасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицейи битирувчилари Беҳзодбек Болтаев олтин, Жавлонбек Муҳсимов кумуш медаль эгасига айланган бўлса, шу ўқув даргоҳининг яна икки вакили Бобурбек Болтаев ва Эъзозахон Исаева бронза медалларини олишга муваффақ бўлдилар. 

— Давлатимиз раҳбари томонидан биз, ёшлар учун яратилган улкан имкониятлар шарофати билан шундай ютуқларга эришдик, — дейди Беҳзод. — Бу эса келгусида ўзимиз қизиққан соҳада етук мутахассис бўлиб камол топишимизда муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, Президентимиз таъкидлаганидек, биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз. 

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

З. ХОЛИҚОВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn