Ўзимизнинг робот
  • 05 Август 2014

Ўзимизнинг робот

Мактабда устозим ёғочга двигатель ўрнатиб, ҳаракатга келтирганида, ҳайратимни яширолмаганман. Сўнг уйга кела солиб, отам кўмагида ўзиюрар машина ясаганмиз. Шунда ҳалиги таажжубим чандон ортиб, техниканинг сеҳрига боғланиб қолдим.

Шу иштиёқ мени Тошкентдаги Турин политехника университетида ўқишга ундади. Ҳозир мазкур таълим даргоҳи талабаси эканимдан фахрланаман. Университетимизда халқаро андозалар асосида билим олишимиз учун барча шарт-шароит яратилган. Бу фан ва техника ютуқларини пухта эгаллашимизда муҳим омил бўлаётир. Махсус лабораторияларда двигатель конструкциялари ва технологияларини, деталларни лойиҳалаштиришни ўзлаштириб, мехатроника марказида бир гуруҳ устозларимиз ёрдамида янги лойиҳалар устида иш олиб бораяпмиз. Мени кўп йиллардан буён ўзиюрар робот ясаш ғояси қизиқтириб келарди. Устозларим Анвар Худойбергенов, Элдор Ҳасанов ҳамда техника фанлари номзоди Жамшид Камиев билан бу юмушнинг уддасидан чиқдик. Биз ҳаракатга келтирган робот бошқа ишланмалардан катта фарқ қилади. Хусусан, унинг оғирлиги 100 граммдан ошмайди. Ҳажми бўлса 5 см3ни ташкил этади. Корпуси 3-D принтерида ишланган.
Жорий йил бошида ўтказилган “ACP Geek Picnic” халқаро кўргазмасида бизнинг “Митти Роботжон” иштирокчиларнинг эътиборини қозонди ва “Энг яхши технологик робот”  деб баҳоланди. Муҳими, кўргазма давомида Европанинг кўзга кўринган олимларини мослама ясалиши, афзалликлари қизиқтириб қўйди. Шу чоғда уларга ихтиромиз ҳақида ғурур билан ҳикоя қилиб бердик.
Биз бундан кейин ҳам билим ва салоҳиятимизни ошириб, Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмаслигини намойиш қилишда давом этамиз.


Олимжон ТЎЙЧИЕВ,
Тошкент шаҳридаги Турин политехника
университети талабаси,
халқаро танлов ғолиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ноанъанавий усул Юксак эътибор шарофати »