Ноанъанавий усул
  • 05 Август 2014

Ноанъанавий усул

Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти тадқиқотчиси Шоҳназар Ҳазратқулов томонидан тупроқ унумдорлигини сезиларли даражада оширадиган ноанъанавий ўғит яратилди.

— Илмий изланишларимизни амалиётда синовдан ўтказдик, — дейди Ш. Ҳазратқулов. — Яъни магний карбонатли шўрланишга учраган тупроқларда ғўза ва маккажўхори ўсимликларини экиш олдидан тамаки фабрикаси чиқиндиси, ўсимлик қолдиқлари ҳамда маиший чиқиндилардан тайёрланган компост ва сидерат (кўкат ўғит)лардан фойдаландик. Бунда ўсимликларнинг озиқланиши, ривожланиши ҳамда ҳосилдорлигининг ошиши одатдагидан яхшиланганлиги кузатилди. Шунингдек, изланиш натижасида қўлланилган ўғитларнинг аҳамияти ва самарадорлиги бўйича ҳам ижобий хулосаларга эга бўлдик.
Қишлоқ хўжалигида сидерат ўсимликлардан фойдаланиш тупроқ унумдорлиги ҳамда экинлар ҳосилдорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис уларнинг янги турлари — “амарант” ва “расторопша”ларни мамлакатимиз табиий шароитига мослаштириш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда. Маълумот ўрнида яна шуни таъкидлаш жоизки, сидерат, яъни кўкат ўғит тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида кўклигида тупроққа қўшиб ҳайдаб юборилади. У тупроқнинг физик хоссаларини яхшилайди, органик модда ва азотга бойитади. Алмашлаб экишда маҳаллий ҳамда минерал ўғитлар билан қўшиб қўлланилганда, самарадорлиги янада ортади.


Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn