Тест билимдонларни аниқлайди
  • 01 Август 2014

Тест билимдонларни аниқлайди

Жорий йилда талаба бўлишни мақсад қилганлардан бир ўринга ўртача 9,4 та ҳужжат қабул қилинди.

Юртимизда 1 август санасини абитуриентлар, уларнинг ота-оналари, яқинлари ўзгача ҳаяжон билан кутади. Чунки шу куни бўлиб ўтадиган тест имтиҳонлари ёшларимизнинг билим ва салоҳиятини синовдан ўтказади.
Албатта, истиқлол имкониятларидан фойдаланган шижоатли йигит-қизларнинг илм ўрганишга бўлган интилиш ҳамда иштиёқига ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Зеро, мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган юксак эътибор бугун жаҳоннинг кўплаб давлатларида ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Йигит-қизларимиз нуфузли фан олимпиадалари ва танловларда муваффақиятли қатнашиб, ғолибликни қўлга киритишаётгани эса тизимдаги ислоҳотлар самарасидан далолат беради.
— Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини тест тизимига ўтказиш орқали синовларнинг адолат тамойиллари асосида ўтказилишига эришилди, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Жаҳонгир Исмоилов. — Бу йилги тест синовларини сифатли ташкил этиш учун жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилди. Жумладан, барча тегишли фанлардан тест топшириқлари тузилди ва юқори малакали мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилди. Йўналишлар бўйича саволлар китоби чоп этилиб, ҳар бир олий таълим муассасасидаги гуруҳлар сонига ва тест топшириш тилига мос ҳолда тест материаллари шакллантирилди.
Хабарингиз бор, Президентимизнинг шу йил 26 июнда қабул қилинган “2014/2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорига биноан, янги ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 минг 907 нафар талаба қабули белгиланган бўлса, шундан 19 минг 120 нафари давлат гранти, 38 минг 787 нафари тўлов-контракт асосида ўқиш имконига эга бўлади. Шунингдек, махсус сиртқи бўлимларга умумий қабул квотаси 115 тани ташкил этади.
Жорий йилда олий ўқув юртларининг кундузги ва махсус сиртқи бўлимларига тушган жами аризалар сони 543 мингдан зиёд бўлиб, бир ўринга ўртача танлов 9,4 тани ташкил қилди. Агар ўтган йиллар билан таққосласак, бултур 480 минг 407 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, республика бўйича ўртача танлов 8,5 тани ташкил этган эди. 2012 йилда эса тушган аризалар сони 432 минг 017 та бўлиб, ўртача танлов 7,6 тага етганди.
Шу ўринда олий ўқув юрти қабул квотасига нисбатан энг кўп абитуриент ҳужжат топширган таълим муассасалари ҳақида ҳам айтиб ўтсак. Жумладан, Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида танлов 20,7 (135 ўринга 2804 та ҳужжат), Қарши давлат университетида — 16,6 (1245 ўринга 20656 та ҳужжат), Термиз давлат университетида — 16,3 (1690 ўринга 27552 та ҳужжат), Гулистон давлат университетида — 15,4 (945 ўринга 14539 та ҳужжат), Андижон тиббиёт институтида — 15,3 (400 ўринга 6105 та ҳужжат)ни ташкил этди.
Энг кўп ҳужжат тушган йўналишлар таҳлил қилинганда эса ўтган йиллардаги каби жорий ўқув йилида ҳам “Меҳнат таълими”, “Бошланғич таълим ва спорт-тарбиявий иш”, “Мактабгача таълим”, “Педагогика ва психология”, “Психология (фаолият турлари бўйича)”, “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (тармоқлар бўйича), “География”, “География ўқитиш методикаси”, “Биология”, “Биология ўқитиш методикаси”, “Дефектология”, “Тупроқшунослик”, “Тарих”, “Архившунослик”, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” каби йўналишлар юқори поғоналарни банд этди. Масалан, “Меҳнат таълими” йўналишида бир ўринга Тошкент давлат педагогика университетида 47 нафар, Фарғона давлат университетида 37 нафар, Андижон давлат университетида 31 нафар, Қарши давлат университетида 23 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Шунингдек, “Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси (тармоқлар бўйича)” йўналиши бўйича танлов Гулистон давлат университетида 32, Термиз давлат университетида 30 тани ташкил этди.
Шу ўринда жорий йилда янги очилган йўналишлар ҳақида ҳам айтиб ўтсак. Хусусан, Тошкент архитектура-қурилиш институтида  2014/2015 ўқув йилида янги очилган “Қиймат инжиниринги” йўналиши бўйича қабул режасида белгиланган 45 ўринга жами 237 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шунингдек, Тошкент давлат аграр университетида “Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси” йўналиши бўйича қабул режасидаги 20 ўринга 178 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, танлов бир ўринга 9 тага етди.
Кўриб турганимиздек, бу йилги тест синовлари ёшларимизнинг билим ва заковатини адолатли тарзда белгилаб беради. Шундай экан, эзгу ниятни дилга туккан ёшларимизга мустақил ҳаёт остонасидаги муҳим синовда омад ёр бўлишини тилаб қоламиз!


«Халқ сўзи» мухбири
Омонулла ФАЙЗИЕВ
ёзиб олди.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn