Истеъдодли, заковатли ва фаол
  • 18 Июль 2014

Истеъдодли, заковатли ва фаол

ёш мутахассислар Ватанимиз равнақининг таянчи ва суянчидир

Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида бошқа соҳалар қатори таълим тизимида ҳам оламшумул янгиланишлар амалга оширилди. Бу, ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида ҳаётга татбиқ этилган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг изчил ижроси самараси, десак, янглишмаймиз.
Эътиборли жиҳати, ана шу чора-тадбирлар натижасида юртимизда фарзандларимизга жаҳон талаблари даражасида таълим-тарбия бериш, замонавий ўқитиш услубларини жорий этиш, янги ўқув муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш, ҳеч кимдан кам бўлмайдиган даражада касб-ҳунар ўргатишга эришилмоқда.
Дарҳақиқат, бугунги ёшларнинг етук билим соҳиби, мустақил фикрли шахс бўлиб камол топаётгани мамлакатимизнинг барқарор тараққиётидан далолат беради. Зеро, шу йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган нутқида Президентимиз шундай деган эдилар: “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”. Жаҳон стандартларига мос шароитларда таълим олиб, етук мутахассис бўлиб етишаётган иқтидорли йигит-қизларимизнинг интилишию ҳаракатини, ўз навбатида, мазкур халқаро конференцияда қатнашган мутахассислар, хорижлик экспертлар ҳам алоҳида эътироф этишди.
Ана шундай юқори салоҳият ва билимга эга ёшлар олий таълим муассасасини тамомлаб, катта ҳаётга учирма қилинаётганида, уларнинг Ватан ва миллат олдидаги юксак бурчни нақадар теран англашларини юз-кўзларидан сезиш қийин эмас. Суратдаги бу бахтиёр ёшлар жорий йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини магистратура йўналиши бўйича тамомлаб, магистрлик илмий даражасига эришдилар. Шу муносабат билан бу ерда битирувчиларга тантанали диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, бугунги кунда мазкур таълим масканида ўқув, ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий йўналишларда серқирра фаолият олиб борилмоқда. Буни жорий ўқув йилини тамомлаётган 194 нафар магистр томонидан илмий рисолалар, монография ва кўплаб илмий мақолалар нашр этилгани мисолида ҳам кўрса бўлади.
— Шу юртнинг фарзанди эканлигимдан ғурурланаман, — дейди мазкур университет магистратура йўналиши битирувчиси Элдоржон Шерматов. — Университетда  таълим олиб, билимимни бойитишга,  илғор педагогик услубларни таълим тизимига татбиқ этишга муваффақ бўлдим.
Мана шундай билимли ва заковатли ёшларимиз мамлакатимиз тараққиёти йўлида астойдил хизмат қилиб, нурли манзиллар сари дадил қадам ташлашда давом этаверишлари, шубҳасиз. Зеро, улар интеллектуал салоҳият, ижтимоий онг, ҳуқуқий тафаккур ҳамда маънавий дунёқараш бобида ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган ёшлардир!


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn