Йилнинг энг фаол ёш олими аниқланди
  • 17 Июль 2014

Йилнинг энг фаол ёш олими аниқланди

Кеча Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясида “Энг фаол ёш олим” танловининг мамлакат босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Савдо-саноат палатаси, Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорли мутахассисларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш, касб маҳорати ва билим даражасини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самара бераётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани эътироф этилди.
“Энг фаол ёш олим” танловида турли йўналишлар бўйича илмий тадқиқот ишларини олиб бораётган, инновацион-техник ғояларни илгари суриб келаётган юртимизнинг саккиз нафар зукко ёш мутахассиси беллашди.
Танлов шартларида ёш илм-фан тадқиқотчилари фаолиятининг самарадорлигини янада оширишга қаратилган услуб ва тажрибалар синовдан ўтказилди. Хусусан, ёш олимлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда уларнинг янги ихтиролари, “ноу-хау”лари, илмий-техник ишланмалари, фанга доир монографиялари, дарсликлари, ўқув қўлланмалари, турли халқаро конференциялардаги иштироки каби омилларга алоҳида эътибор қаратилди.
“Ўз ҳуқуқингизни биласизми?” мавзусидаги савол-жавоблар шартида иштирокчилар меҳнат муносабатларини тартибга солиш, меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ҳамда ёш педагогларга берилаётган имтиёз ва ҳуқуқларни тўлиқ ўзлаштирганликларини кўрсатдилар. Шунингдек, ёш тадқиқотчилар илмий фаолиятларини инглиз тилида ҳам баён қилиш имкониятидан фойдаландилар.
“Энг фаол ёш олим” танловида  пойтахтлик Ойбек Абдулхаев биринчи, бухоролик Отабек Қаҳҳоров иккинчи ва фарғоналик Жамолиддин Қамбаров учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек, танлов доирасида “Энг илмий салоҳиятли олим”, “Энг иқтидорли олим”, “Энг заковатли  олим” каби номинациялар бўйича ҳам энг фаол ёш мутахассислар аниқланди.
ўолиблар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирланди. Уларга  Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги олдидан ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” республика форумида қатнашиш учун йўлланма берилди.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Бахтиёр АКРАМОВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn