Аджу университетида ўзбекистонлик талабалар сони ортади
  • 10 Июль 2014

Аджу университетида ўзбекистонлик талабалар сони ортади

 

 

 

Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан буён Корея Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни, хусусан, таълим соҳасидаги ўзаро алоқаларни изчил ривожлантириб келмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз вакиллари турли алмашув дастурлари доирасида Жанубий Корея олий ўқув юртларида таҳсил олиш ва ўз касбий малакаларини ошириш имконига эгадирлар.

Жанубий Кореянинг Сувон шаҳрида жойлашган Аджу университети Ўзбекистон ёшлари ва мутахассислари учун асосий ўқув марказларидан бири  ҳисобланади. Мазкур олий ўқув юрти бизнес бошқаруви, тиббиёт ва ахборот технологиялари соҳаларидаги етакчи университетлардан биридир. Унда ҳозирги кунда 14 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда, шуларнинг 1000 нафардан зиёди дунёнинг турли мамлакатларидан келишган. 
Аджу университети кўп йиллардан буён Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида таълим соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Икки давлат раҳбарларининг яқинда Тошкентда бўлиб ўтган учрашувлари якунлари, жумладан, ташриф доирасида малакали кадрларни тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тўғрисида келишувларга эришилгани ушбу университетда катта мамнуният билан қабул қилинди.
Мазкур келишувларнинг амалий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этилишига кўмаклашиш мақсадида Аджу университети бакалавриат, магистрлик ва докторлик йўналишлари бўйича қабул қилинадиган Ўзбекистон вакилларининг сонини кўпайтириш ниятида. Бугунги кунда мазкур таълим масканида республикамиздан ўн тўрт нафар талаба бизнес бошқаруви, халқаро тараққиёт ва ҳамкорлик, фармацевтика, математика ҳамда бошқа йўналишларда таҳсил олмоқда.  
Жорий йил 3 июль куни Аджу университети битирувчиларига магистрлик дипломлари топширилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Битирувчилар орасида мамлакатимиз вакили ҳам бор эди.
Тадбир чоғида Халқаро тадқиқотлар ва бизнес менежменти Олий мактаби декани Лим Жей Ик Аджу университети 1973 йили барпо этилганидан буён ўтган давр мобайнида турли соҳаларда мутахассислар тайёрлайдиган глобал олий ўқув юртига айланганини  айтди. У университетда ўзбекистонлик талабалар учун қабул квотаси кўпайтирилишини тасдиқлади.  
Математика бўйича докторант — Тошкент шаҳридаги академик лицей ўқитувчиси Алишер Жалилов Корея Республикасида ўз билимларини мустаҳкамлаш имконияти яратиб берилгани учун мамлакатимиз ҳукуматига миннатдорлик билдирди. 


«Жаҳон» АА.
Сеул

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn