Йилнинг энг фаол ёш ўқитувчиси
  • 09 Июль 2014

Йилнинг энг фаол ёш ўқитувчиси

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан ташкил этилган  “Йилнинг энг фаол ёш ўқитувчиси” кўрик-танлови якунланди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ўрта махсус таълим тизимида фаолият кўрсатаётган, илғор педагогик технологияларни чуқур ўрганиб, амалиётга самарали татбиқ этаётган 14 нафар ўттиз ёшгача бўлган ёш ўқитувчи қатнашди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган ва йигирмата йўналишни ўз ичига олган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови доирасида ўтказилди. Бундан мақсад ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига кўмаклашиш, интилишларини қўллаб-қувватлаш, йигит-қизларда она-Ватанга муҳаббат ва мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига дахлдорлик ҳиссини кучайтиришдан иборат.
Президентимизнинг шу йил  6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, демократик давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида фаоллигини ошириш, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи йигит-қизларни тарбиялаш,  замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш  ишлари янада жадал суръатда олиб борилмоқда.  Навқирон авлодга кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик, улкан эътибор, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш учун яратилаётган шароит ва имкониятлар ўз самарасини бермоқда.
“Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ҳам ёшларнинг ноёб кашфиётларини юзага чиқаришга хизмат қилаётир. Чунончи, ушбу танлов доирасида “Энг фаол ёш кимёгар” деб топилган Дониёр Халиловнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган лойиҳаси натижасида “Максам-Чирчиқ” корхонасида карбамид тайёрлаш ҳажми 180 минг тоннадан 270 минг тоннага ошиб, унумдорлик 1,5 баробар ўсди. “Энг фаол ёш тадбиркор” номинацияси ғолиби “Шуҳрат Машсервис” масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Шерзод Раҳмоновнинг инновацион ғояси асосида  паррандачилик мини-фабрикалари учун зарур бўлган ва  қўл меҳнатини енгиллаштирувчи “Орзу-1”, “Орзу-2” ускуналари яратилди. 
Юртимиздаги фаол ёш ўқитувчилар ўртасида кечган баҳс ҳам таълим тизимига оид инновацион ғоя ва истиқболли лойиҳаларни аниқлаш ҳамда рўёбга чиқариш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
— Танловда ҳамкасбларимнинг илғор тажрибалари билан яқиндан танишдим, — дейди Нукус давлат педагогика институти қошидаги академик лицейнинг инглиз тили ўқитувчиси Зулфия Баймагамбетова. —Тадбир давомида ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Қатор илмий ва амалий таклифларимни ҳайъат аъзоларига тақдим этдим.
— Мен танловга АКТдан фойдаланган ҳолда ўрта махсус таълим тизимига масофавий ўқитишни жорий этиш, коллеж ва лицейларнинг махсус сайтларини очиш ва у орқали кундалик дарсларни интернетга жойлаштириш таклифини тақдим қилдим, — дейди яна бир иштирокчи, Тошкент 1-Педагогика коллежи ўқитувчиси Муҳиддин Бозоров. — Тадбир давомида ўз иқтидоримиз ва салоҳиятимизни синовдан ўтказиш баробарида, кўплаб янги фикр ва ғояларга эга бўлдик.
Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан Қашқадарё вилояти Муборак ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Нодира Умирова ғолиб, деб эътироф этилди ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги олдидан ташкил этиладиган “Ёш мутахассислар” республика форумида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.


М. ХОЛМАТОВА.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn