Интилиш, билим, истиқбол
  • 07 Июль 2014

Интилиш, билим, истиқбол

Жорий йилда мамлакатимиздаги барча олий ўқув юртларига ҳужжат топширувчи абитуриентлар сони 500 мингдан зиёд бўлиши кутилмоқда.

Айни кунларда юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида қабул жараёни қизғин паллага кирган. Университет, институт талабаси бўлиш орзусидаги йигит-қизлар ҳужжатларини ўзлари хоҳлаган олий таълим муассасасига топшириб, анъанага мувофиқ, 1 август куни бўлиб ўтадиган тест синовларига пухта тайёргарлик кўраяптилар. Зеро, бу йилги қабул квоталари, кириш имтиҳонлари саволлари, киритилган янгилик ҳамда ўзгаришлар  ёшларнинг билим ва тафаккурини чинакамига синовдан  ўтказади.

Хабарингиз бор, Президентимизнинг шу йил 26 июнда қабул қилинган “2014/2015 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига қабул тўғрисида”ги қарорига кўра, янги ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига 57 минг 907 нафар талаба қабули белгиланган бўлса, шундан 19 минг 120 нафари давлат гранти, 38 минг 787 нафари тўлов-контракт асосида ўқиш имкониятига эга бўлади. Олий таълим муассасаларида 5 минг нафар магистр, шундан 1 минг 548 нафари давлат гранти, 3 минг 452 нафари тўлов-контракт асосида таҳсил олади.

Шунингдек, бакалаврлар тайёрлаш бўйича махсус сиртқи бўлимларга умумий қабул квотаси 115 нафарни ташкил этади. Тошкент кимё-технология институти Қўнғирот бўлимининг махсус сиртқи бўлимига 65 нафар ва Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимига 50 нафар миқдорида белгиланди. Бундан ташқари, 2014/2015 ўқув йилида “Қиймат инжиниринги”, “Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси” каби янги йўналишлар очилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори Жаҳонгир Исмоиловнинг таъкидлашича, республикамиз олий таълим тизими нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Шунга мос равишда қабул комиссияларига келиб тушаётган аризалар сони ҳам кўпайиб бораётир. Хусусан, ўтган йили абитуриентлардан тушган аризалар сони жами 480 407 та бўлиб, республика бўйича ўртача танлов 8,5 тани ташкил этганди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич янгиланиб, 500 000 дан ортиқ абитуриентларнинг ҳужжат топшириши кутилмоқда.

Ҳозирда тест синовларини ташкил этиш ҳамда юқори савияда ўтказиш борасидаги ишлар жадал олиб борилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасалари қабул комиссиялари билан Давлат тест маркази ўртасида электрон ахборот алмашинув тизими ўрнатилди. 1 август куни ярим миллиондан ортиқ абитуриент билим ва савиясини тест орқали синовдан ўтказиши учун 16 минг 100 дан ортиқ аудиториялар тайёрланди ва уларнинг  дислокацияси ўрганиб чиқилди. Шу билан бирга, 4 мингдан ортиқ Давлат тест маркази вакиллари манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тавсияси асосида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, илмий муассасалар ходимларидан танлаб олинди. Давлат тест маркази вакиллари учун тест синовини ўтказиш тартиби бўйича ўқув-семинарлари ташкил этилди.

Бу йил аудитория раҳбари ва кузатувчилари сифатида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тавсияси асосида 37 500 дан ортиқ умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим ва олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари жалб этилади.

Шу ўринда абитуриентларга тест саволлари билан боғлиқ янгиликлар ҳақида айтиб ўтсак. Бу йил олий таълим муассасаларидаги таълим ва касб йўналишларига кўплаб янгиликлар киритилди, кириш имтиҳонлари тизимида айрим ўзгартишлар жорий этилди. Президентимизнинг 2014 йил 30 апрелда қабул қилинган Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштиришга оид қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. 

Тест синовларидаги янгиликлардан бири математика фани бўйича саволларга информатика ва ахборот технологияларига доир савол ҳамда топшириқлар киритилганидир. Бунда математика бўйича тест топшириқлари сони 30 та, информатика ва ахборот технологиялари бўйича эса 6 тани ташкил этади. Шунингдек, мутахассисликка оид фанлар, яъни 1-блокдаги 3,1 балл билан баҳоланадиган фанларнинг ролини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 22 йўналиш бўйича мутахассисликка оид фанлар қайта кўриб чиқилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган  “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, бу йил 24 таълим йўналишида чет тиллар бўйича тест синовлари жорий этилаётир. Шундай қилиб, чет тиллар бўйича тест синовлари ўтказиладиган таълим йўналишлари сони 35 дан 59 тага етди.

Яна шуни айтиш жоизки, абитуриентларнинг олий таълим муассасаларига келиб тушаётган аризаларга оид маълумотларга  қизиқишини инобатга олиб, Давлат тест марказининг интернет тармоғидаги www.dtm.uz сайтида  қабул квоталари ва ҳар бир ОТМ ҳамда таълим йўналишига келиб тушган аризалар ҳақидаги ахборотлар киритиб борилмоқда.

Ёшларимиз учун яратилаётган бундай имкониятлар уларнинг манфаатига хизмат қилиши баробарида, ўз устида кўпроқ изланишни, билимини янада мустаҳкамлашни, пухта тайёргарлик кўришни тақозо этади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn