Имконият ва имтиёз
  • 03 Июль 2014

Имконият ва имтиёз

юртимиз ўғил-қизларининг иқтидорини юзага чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда

Республикамизда узлуксиз таълим тизими жорий қилингани, ёшларнинг касб-ҳунар коллежларида ўзлари қизиққан мутахассисликни эгаллашлари учун барча шарт-шароит муҳайё этилгани уларнинг қобилиятларини шакллантиришида айни муддао бўлмоқда. Бунда “Баркамол авлод” болалар ижодиёти марказларининг ҳам муносиб улуши бор.
Хусусан, пойтахтимиздаги “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази йигит-қизларни илм-фанга, касб-ҳунарга ошно қилаётгани диққатга сазовор.
Марказда техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, бадиий нафосат, ўлкашунослик ва экология йўналишларида 45 та тўгарак мавжуд бўлиб, Тошкент шаҳридаги юздан зиёд мактаб ва ижтимоий муассаса тарбияланувчиларининг мингдан ортиғини ўз атрофига бирлаштирган. Бу ерда машғулотлар мактабдан ташқари таълим муассасаларига мўлжалланган ўқув дастурлари асосида олиб борилади. Тўгараклар 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчиларга мўлжалланган бўлиб, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва ижтимоий муассаса тарбияланувчилари учун алоҳида имтиёз қўлланилади. Муассасамизда машғулотлар ўтиш учун етарли шарт-шароит яратилганлиги ўқувчиларимизнинг мамлакатимиз ҳамда халқаро миқёсда ўтказилаётган танлов ва фестивалларда юқори кўрсаткичларга эришишида муҳим омил бўлмоқда. Чунончи, 2013 йили Москвада ташкил этилган “Яшил сайёра” халқаро болалар экологик форумининг расмлар ва табиий ашёлардан ясалган буюмлар танловида марказимиз аъзолари махсус ёрлиқ билан тақдирланганлиги фикримиз исботидир. Қолаверса, марказ иштирокчилари Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан биргаликда уюштирилган “Майда пластика”, “Қадрдон шаҳрим табиати” расмлар кўрик-танловида фаол қатнашиб, етакчи ўринларни эгаллаб келишмоқда.
Марказимизда, шунингдек, Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Инглиз тили” тўгараги фаолияти йўлга қўйилган.
Айни пайтда хорижий тилларни ўрганишга иштиёқманд ўқувчилар ўртасида бир неча гуруҳлар тузилган бўлиб, дарслар тажрибали педагоглар ёрдамида интерактив усулларда олиб борилаётир. Бу эса ўқувчиларнинг мактабда олган билимларини мустаҳкамлабгина қолмай, чет тилларни тез ва самарали ўрганишларида ҳам қўл келмоқда.
Айни кунларда марказимизда “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан бир қатор тадбирлар амалга оширилаётир. Шу боис бу жой ҳар қачонгидан гавжум. Негаки, марказда ташкил этилаётган ҳар бир тўгарак машғулотлари, танлов ва кўргазмалар байрам тусини олмоқда. Бугун кичкина қизалоқ инглиз тилида бийрон-бийрон шеър ўқиса, “Севинч”, “ўунча”, “Юлдузча” сингари ўнга яқин болалар ансамбллари иштирокчилари она-Ватанни тараннум қилувчи куй-қўшиқлари билан барчани хушнуд этади.
Тинч, осойишта юртга тўй-томошалар, байрамлар ярашади. Байрам янглиғ ўтаётган ҳар бир кунимиз эса болаларнинг беғубор кулгисига тўлган ҳолда, мазмунли кечаверади.


Гулбаҳор ҚОБИЛОВА,
Тошкент шаҳар «Баркамол авлод» болалар ижодиёти маркази оммавий-маданий ишлар ташкилотчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn