Ёш тарбиячилар: Изланиш ва масъулият
  • 25 Июнь 2014

Ёш тарбиячилар: Изланиш ва масъулият

Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни юксак маънавиятли, интеллектуал салоҳиятли қилиб вояга етказиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга зарур ташкилий ҳамда ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган бўлиб, бу борада кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори замонавий фикрлайдиган, чин ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Пойтахтимизда Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш тарбиячиси” танлови ҳам ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар инъикосидир.
— Жойларда ушбу танловнинг ҳудудий босқичлари юқори савияда уюштирилиб, унда мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари касбий фаолиятларига оид белгиланган шартлар бўйича ўзаро куч синашди, — деди Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши бош мутахассиси Лазокат Турикова. — Танловнинг республика босқичида ёш тарбиячилар бу борадаги ўз иқтидорларини  намоён этишди. Айниқса, “Мактабгача таълим сифатини оширишда стратегик режаларим” мавзуидаги тақдимот шартида уларнинг таълим-тарбия жараёнида илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш, мактабгача таълим босқичи сифати самарадорлигини такомиллаштириш, болаларни маънавий ва жисмоний камол топтириш, гигиена, ўқиш ва ёзишни, айниқса, инглиз тилини ўрганишга оид дастлабки билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган режалари, таклиф ва тавсиялари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.      
Албатта, ёш авлодни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш, улар қалбида она-Ватанни севиш, миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳисси, юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини шакллантиришда тарбиячиларнинг билим ва маҳорати, зукколиги, ишбилармонлиги, тиришқоқлиги, ўз ишига масъулият билан ёндашиши муҳим ўрин тутади. Танловда қатнашчилар чиқишлари ушбу мезонлар асосида баҳоланди.
Пировардида Самарқанд вилоятидан Феруза Жўраева биринчи, Сурхондарё вилоятидан Лобар Раҳмонова иккинчи, Қорақалпоғистон Республикасидан Мийригул Айтимбетова учинчи ўринга лойиқ, деб топилди. 
ўолиблар ҳомий ташкилотларнинг диплом ва совғалари билан тақдирланди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn