Малакали мутахассислар
  • 25 Июнь 2014

Малакали мутахассислар

юртимиз тараққиётини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутади

Мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашда ички ишлар идоралари ходимлари фаолияти алоҳида ўрин тутади. Шу боис ҳам истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ соҳа ислоҳ қилиниб, халқаро андозалар даражасида изчил ривожлантирилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2001 йил март ойидаги Фармони асосида тизимдаги барча хизматлар такомиллаштирилиб, малакали кадрлар билан таъминланаяпти. Бу борада Ички ишлар вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртлари — ИИВ Академияси, Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ҳамда Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида тингловчи ва курсантларга барча шарт-шароит яратилгани айни муддао бўлмоқда.
ИИВ Академиясида бўлиб ўтган тингловчиларнинг битирув маросимида ана шулар хусусида батафсил сўз юритилди. Таъкидланганидек, билим юртида мустақиллик йилларида ички ишлар идораларининг соҳавий хизматлари учун минглаб кадрлар етказиб берилди. Шу жумладан, 10 минг нафардан ортиқ олий юридик маълумотли мутахассислар тайёрланди. Малака ошириш факультетида 20 мингдан зиёд ходимлар билимларини мустаҳкамлашди. Олий академик курсларида эса 560 нафар раҳбар кадр шакллантирилди.
Бу ерда айни чоғда инновацион технологиялар, криминалистик тадқиқотларни ўрганиш, одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш, намунали милиция таянч пункти, таълим телевизион ва  инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс марказлари ҳамда педагогик маҳорат мактаби, замонавий АКТ билан тўлиқ жиҳозланган маърузалар заллари самарали фаолият кўрсатмоқда.
Сабоқ янада фойдали бўлишида Академия профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган 130 дан зиёд дарсликлар, юзга яқин маърузалар курслари ҳамда 500 дан ортиқ ўқув қўлланмалари қўл келмоқда. 
Битирувчиларга дипломлар ва кўкрак нишонлари топширилди.
Давлат божхона қўмитаси Олий ҳарбий божхона институтида ҳам битирувчиларга дипломлар топшириш маросими ўтказилди.
Эътироф этилганидек, юртимизда божхона тизими учун малакали кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратилаётгани бугун ўз самарасини бермоқда. Бундан 11 йил муқаддам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур институт фаолияти мисолида буни кўриш мумкин. Ўтган давр давомида бу ерда божхона идоралари учун малакали кадрлар тайёрлаш, божхона хизмати фаолиятини жаҳон андозалари даражасига етказиш борасида кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилди.
Якунланган ўқув йилида ушбу институтни божхона иши ҳамда юриспруденция мутахассисликлари бўйича юз нафардан ортиқ тингловчи тамомлади. Ўқиш чоғида улар иқтисодий, ҳуқуқий, гуманитар, фундаментал фанлар ва божхона назоратини ташкил этиш, ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан бошқариш, валюта назорати, тезкор-қидирув фаолият, божхона статистикаси ва ахборот технологиялари каби фанларни мукаммал  ўзлаштирдилар.
Бу ердаги 11 кафедра, ихтисослаштирилган дарсхоналар, криминалистика лабораторияси, амалий машғулот майдончаси, кутубхона, спорт мажмуаси, тренажёр зали, тир, ёзги ва қишки сузиш ҳавзалари, теннис корти ва бошқа иншоотлар тингловчилар ихтиёрида. Техник воситалар ёрдамида божхона назоратини ташкил этиш, контрабанда ва божхона қоидалари бузилишига қарши кураш синфхонаси, товарлар кимёвий таркиби асосида таснифлаш ва сертификатлаштириш илмий лабораторияси замонавий технологиялар билан жиҳозланган.
Тингловчиларнинг институтда олган назарий билимларини бевосита амалиётга боғлаш, бўлажак божхона ходимларида мутахассислиги бўйича дастлабки кўникмаларни ҳосил қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати, ҳудудий божхона бошқармаларининг бўлимлари, божхона комплекслари ва постларида амалиёт ўташлари йўлга қўйилган.
Якунда битирувчиларга дипломлар берилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn