Математика, физика ҳамда информатика фанлари бўйича янги кўрик-танлов таъсис этилди
Математика, физика ҳамда информатика фанлари бўйича янги кўрик-танлов таъсис этилди Фото: df/dt.com
  • 09 Март 2018

Математика, физика ҳамда информатика фанлари бўйича янги кўрик-танлов таъсис этилди

Улуғ аждодимиз, қомусий олим Муҳаммад Ал-Хоразмий шарафига номланган ушбу танловда мамлакатимиздаги таълим муассасаларининг 10-11 синф ўқувчилари қатнашади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ушбу кўрик-танлов Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этилади. 

“Муҳаммад Ал-Хоразмий издошлари” танлови апрель ойида старт олади ва уч босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда иштирокчилар ўз мактабларида математика, физика ҳамда информатика фанларидан онлайн усулда имтиҳон топширади. 80 баллдан юқори балл тўплаган ёшлар танловнинг кейинги босқичига йўл олади. Иккинчи босқич минтақавий шаклда бўлиб ўтади ва иштирокчилар учала фанга доир жами 9 та топшириқни ечиши лозим бўлади. 100 баллдан 75 балл тўплаганлар сўнгги босқичда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида ўтказиладиган сўнгги босқичда математика, физика ҳамда информатика фанларига доир 15 та вазифа танлов қатнашчилари эътиборига ҳавола қилинади. 

Танловда энг юқори балл тўплаган олти нафар ғолибга “Муҳаммад Ал-Хоразмий издошлари” танловининг дипломи ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 65 баробаридан 100 баробаригача миқдордаги пул мукофотлари топширилади.

Энг муҳими, ушбу танловда иштирок этган ёшларнинг илм-фанга қизиқиши ортади, улар буюк олим ва математик Муҳаммад Ал-Хоразмийга муносиб издош бўлишга интиладилар. Шу билан бирга, ушбу кўрик ахборот технологиялари соҳасида иқтидорли ёшларни юзага чиқариш имконияти ҳамдир.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn