Ўзбекистонлик ўқитувчилар Кембриж университетида дарс беришади
Ўзбекистонлик ўқитувчилар Кембриж университетида дарс беришади Фото: vistanews.ru
  • 05 Март 2018

Ўзбекистонлик ўқитувчилар Кембриж университетида дарс беришади

Буюк Британияда бўлиб турган мамлакатимизнинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари 4 март куни Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессорлари, шарқшунос олимлари билан учрашувлар ўтказдилар.

Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор С. Саксена билан Ўзбекистонда янги ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди, деб ёзади Жаҳон АА.

Унга кўра, Кембриж университетининг профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро конференцияларда иштирок этади. Ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг илмий мақолалари Кембриж университетининг нуфузли нашрларида чоп этилади. Кембриж ва Ўзбекистон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзулардаги илмий тадқиқотлар амалга оширилади.

Томонлар, шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олдилар. Ўзбекистон делегацияси Кембриж университети билан талабалар, амалиётчи тадқиқотчилар алмашуви, ўқув, илмий ва оилавий туризмни йўлга қўйишга тайёр эканини маълум қилди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилган. Эришилган келишувларга мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар Кембриж университетида ўзбек тилидан дарс бера бошлайдилар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn