65 та олий ўқув юртидан олтитаси якуний босқичда беллашди
65 та олий ўқув юртидан олтитаси якуний босқичда беллашди Фото: "Халқ сўзи"
  • 05 Март 2018

65 та олий ўқув юртидан олтитаси якуний босқичда беллашди

 

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида “Олий таълим муассасалари ва тадбиркорлик вакиллари ўртасида интеграциялашув” мавзуида миллий симпозиум ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Британия Кенгашининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан уюштирилган тадбир “Олий таълим сифатини таъминлаш” дастури лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Унда профессор-ўқитувчилар, бизнес, маркетинг, молия йўналишлари бўйича етакчи мутахассислар ҳамда Буюк британиялик экспертлар қатнашди.

Қайд этилганидек, бугун иқтисодиётнинг, ижтимоий ҳаётнинг реал талабларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимизда олий таълим тизимини модернизация қилиш, ўқитишнинг замонавий шакл ва технологияларини жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ихтисослик йўналишларини такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ўрин тутмоқда.

Миллий симпозиумда хорижлик мутахассислар таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг долзарб аҳамияти ҳақида сўз юритди.  

— Ўзбекистонга учинчи марта келишим, — дейди лойиҳа тренери Жо Шаффер. — Бу ерда истеъдодли тадқиқотчилар билан ишлашдан мамнунман. Олий таълим вазирлиги ҳамда Британия Кенгаши билан ҳамкорликдаги лойиҳадан кўзланган мақсад давлат иқтисодиётига ҳисса қўша оладиган тадқиқотларни амалга оширишнинг муваффақиятли моделларини ўрганиш ва бу соҳада тажриба алмашишдан иборат. 

Шунингдек, лойиҳа доирасида олий таълим муассасалари ўртасида тадбиркорлик ва таълимни боғловчи тадқиқот ишларини саралашга қаратилган танлов ўтказилди. Унинг дастлабки босқичларида мамлакатимизнинг 65 та олий таълим муассасаси қатнашган бўлса, якунда экспертлар томонидан юқори баҳоланган 6 та олий таълим муассасаси ўз тақдимотларни намойиш этди.

— Икки кун давомида қатнашчилар тадбиркорлик, молия, брендинг, маркетинг, замонавий ахборот технологиялари ва ижтимоий тармоқлар бўйича Ўзбекистоннинг етакчи мутахассислари ҳамда инновация, стратегик режалаштириш ва бошқарув соҳасидаги Буюк Британиянинг нуфузли вакилларидан қимматли маслаҳатлар олиш имкониятига эга бўлдилар, — дейди Гулистон давлат университети инглиз тили ва адабиёти кафедраси мудири, Британия Кенгаши тренери Ҳикматулло Ўрозбоев. — Тадбир интерактив шаклда ўтказилиб, унда иштирокчилар экспертларнинг интеллектуал ресурсларини ва вақтларини махсус ваучерлар ёрдамида “сотиб олиш” орқали ўз ғояларини такомиллаштирдилар.

Симпозиум якунида соҳа вакиллари томонидан йўналиш доирасида истиқболли вазифалар аниқланиб, уларни ҳаётга татбиқ этиш учун босқичма-босқич режалар белгилаб олинди.

Дилшодабону АВВАЛБОЕВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn