Тарбиячилар ҳам, ота-оналар ҳам хурсанд
  • 02 Март 2018

Тарбиячилар ҳам, ота-оналар ҳам хурсанд

Халқимиз азалдан устоз-мураббийларга катта ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлган. Уларнинг яшаши, ёшлар тарбиясидек улуғ ҳамда савобли, айни пайтда улкан масъулиятли иш билан шуғулланиши учун етарли шароит яратишга интилган. “Устоз отангдек улуғ”, “Илмли одам — иликли суяк”, “Устозсиз шогирд — жонсиз кесак” каби тилдан-тилга ўтиб келаётган ҳикматли сўзлар, мақоллар замирида ҳам таълим-тарбия соҳаси фидойиларига бўлган ана шундай эҳтиром, эъзоз мужассам.

Президентимизнинг 2018 йил 28 февралда қабул қилинган “Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур тизимни янада такомиллаштириш, жамиятда боғчалар педагогларининг нуфузини янада ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришда муҳим ҳужжат бўлди. Шу боис мазкур қарорни шарафли ҳамда масъулиятли касб фидойилари катта мамнуният, хурсандчилик билан кутиб олди. Бу ҳақда улардан айримларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Гулбаҳор ПАРПИЕВА, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги бош мутахассиси:

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан узлуксиз таълимнинг янада такомиллаштирилаётгани нафақат маориф соҳасида, балки халқимиз ҳаётида тараққиёт сари дадил ташланаётган муҳим қадамлардан биридир. 

Президентимиз томонидан давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш юзасидан имзоланган қарор тизим фаолиятининг янгича руҳ билан ривожланишига туртки бўлиши, соҳа меҳнаткашларида кўтаринки кайфият уйғотиши, шубҳасиз.

Зеро, ушбу қарорга мувофиқ, 2018 йил 1 мартдан бошлаб боғча мудирлари, тарбиячилар, методистлар, ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар, мусиқа раҳбарлари ва тарбиячининг ёрдамчилари меҳнатига ҳақ тўлаш 30 фоизга оширилди. Шу йил 1 сентябрдан бошлаб эса тайёргарлик (5 ёшдан 6-7 ёшгача) гуруҳи тарбиячилари, олий маълумотли ўқитувчилар, дефектологлар, психологлар меҳнатига ҳақ тўлаш умумтаълим мактаблари бошланғич синфлари ўқитувчиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларига тенглаштирилган ҳолда 30 фоизга, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар педагогик маълумотли тарбиячининг ўринбосарлари меҳнатига ҳақ тўлаш 20 фоизга, мактабгача таълим муассасалари мудирлари меҳнатига ҳақ тўлаш 10 фоизга оширилади. Бу соҳада фаолият олиб бораётган инсонларни Ватанимиз равнақини таъминлашга қодир куч ва салоҳиятга эга авлодни камолга етказишда янада масъулиятли бўлишга ундайди. 

Лутфия ОСТОНОВА, Олот туманидаги 1-мактабгача таълим муассасаси мудираси: 

— Шу кунларда маҳалламизда дув-дув гап. Кимдир “Тарбиячиларнинг ойлик маоши ошибди” деса, яна кимдир “Боғча пули” тенг ярмига камайибди” дейди. Қулоққа хуш ёқадиган бу гаплар бежиз айтилмаяпти. Давлатимиз раҳбарининг қарорида айни шу масалалар ўз ифодасини топди.

Жамоамиз ҳам, ота-оналар ҳам жуда хурсанд. Хўш, нега? Гап шундаки, бола тарбияси билан шуғулланиш осон иш эмас. Меҳнатинг қадрланса, кучингга куч, ғайратингга ғайрат қўшилади. Қолаверса, халқимиз “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади” деб топиб айтган. Айрим оилалар учун бир-икки нафар фарзандини мактабгача таълим муассасасига юбориш оғирлик қиларди. Бундай хонадонлар “боғча пули”нинг қисқартирилишини юрак-юракдан истагани бор гап. Президентимизнинг қарорида масаланинг шу жиҳати ҳисобга олингани айни муддао бўлди. Мамлакатимиздаги бир қатор туманлар қатори Олотда ҳам боғча учун амалдаги тўлов миқдори икки бараварга пасайтирилди. Биргина бизнинг муассасамизда 150 нафар жажжи ўғил-қиз тарбия олаётгани назарда тутилса, бу ота-оналар учун жуда катта ёрдам экани ойдинлашади. 

Балхинтош ТЕМИРОВА, Сариосиё туманидаги 4-мактабгача таълим муассасаси мудираси:

— Мен мудиралик қилаётган мактабгача таълим муассасасида 35 нафар тарбиячи, ёрдамчи тарбиячи ва техник ходимлар ишлайди. Президентимиз қарорини ўқиб, жамоамизда ишлаётганлар меҳнатимиз қадр топаётганлигидан бағоят хурсанд бўлдик. 

Муассасамиз туман марказида жойлашган. Ҳозирги кунда боғчада 150 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Ушбу тизимда 30 — 35 йилдан буён ишлаб келаётган тарбиячиларимиз бор. Масалан, “Халқ таълими аълочиси” Гулжон Абдураҳмонова 34, рус гуруҳи тарбиячиси Марина Холмуродова 31 йилдан буён болажонларни тарбиялаб келмоқда. Қарорда қайд этилганидек, уларнинг иш ҳақи 30 фоизга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг мактабгача таълим тизими ходимларининг машаққатли меҳнатига бундай эътиборидан уларнинг боши кўкка етди, десам бўлади. 

Сифат ва самарадорликка эришиш учун тарбиячи кадрлар савияси ҳамда билимини юксалтиришни ният қилдик. Айни пайтда ўрта махсус маълумотга эга бўлган кадрларни олий таълим муассасаларида ўқитиш тадбирларини кўраяпмиз. Қисқача айтганда, таълим-тарбиянинг илк бўғини — мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантиришга қаратилган ушбу қарор соҳа ходимларини рағбатлантириб қолмасдан, келажак эгалари тарбиясига бўлган масъулиятини янада оширади. 

«Халқ сўзи» мухбири

Дилшод КАРИМОВ 

ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn