Қувайт Ўзбекистонда араб тилини ўқитишга ёрдам беради
  • 28 Февраль 2018

Қувайт Ўзбекистонда араб тилини ўқитишга ёрдам беради

 

Жорий йилнинг 21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қувайт Давлати Ҳукумати ўртасида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим кучга кирди. 

Ҳужжат 2017 йил 9 февральда Ал-Қувайт шаҳрида имзоланган эди, дейилади Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий сайтида. 

Битим олий таълим ва фан соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат олий таълим муассасалари (ОТМ) ва тадқиқот марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатга кўра, томонлар талабалар ва тадқиқотчилар алмашинувини амалга оширадилар ва улар учун ҳар йили тегишли стипендиялар ажратадилар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қувайт ОТМлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашадилар.

Битим айни пайтда араб тилини ўқитиш ва ўрганиш, манбаларни тадқиқ қилиш ва шарқ қўлёзмаларини сақлаш ишларида ўзаро ҳамкорликка кўмаклашади.

Унинг асосида Қувайт ОТМларида араб тили ва адабиёти ўқитувчиларининг амалиёт ўташи орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон ОТМларида араб тили хоналари ва кутубхоналарини замонавий техника воситалари ҳамда араб тилидаги адабиётлар билан жиҳозлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn