Эйхорния — мўъжизавий ўсимлик
  • 28 Февраль 2018

Эйхорния — мўъжизавий ўсимлик

Ҳеч эътибор берганмисиз, Ҳиндистондаги Ганга дунёдаги энг ифлосланган дарё ҳисобланса-да, шу пайтгача бирор кимса ундан ўзига инфекция юқтирмаган? Ваҳолонки, дарёда бир кунда минглаб фуқаролар чўмиладилар ва кир ювадилар. Нега шунча чиқиндиларни ўзида жамлаган дарё суви ҳиндистонликлар учун илоҳий қудратга айланган? Ҳамма гап шундаки, дарё сувини эйхорния ўсимлиги тозалаб туради.

2013 йилда Андижон шаҳар оқова сувларини тозалаш муаммосининг ечимини топиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Андижон — Наманган илмий маркази зиммасига юкланган бўлиб, бу вазифа янги инновацион ғояни юзага чиқарди. Муаммони асл ватани Жанубий Америка бўлган эйхорния сув ўсимлиги ёрдамида ечиш мумкинлиги амалда исботланди. Бир тупи эллик кунда минг тупга айланадиган бу мўъжизавий ўсимлик ўта тез кўпайиш жараёнида микроб ва зарарли моддаларга тўла оқова сувларнинг бадбўй ҳидини йўқотиши ҳамда батамом тозалаши мумкинлиги Андижон вилояти санитария-эпидемиология маркази лабораторияси ходимлари томонидан аниқланди. Бу амалда ижобий натижа бериб, пировардида республика сув-оқова корхоналарида биологик тозалов ишларини бажариш учун тавсия этилди. Ҳозирги кунга келиб камхаражат, аммо самарадор мазкур усул республикамизнинг қатор вилоятларида кенг тарғиб қилинмоқда. 

Бундан ташқари, Андижон шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Инновацион технологияларни жорий этиш маркази” эйхорния ўсимлигининг фойдали янги қирраларини топди. Гап шундаки, таркиби 30 фоиздан ортиқ оқсил, қатор фойдали элемент, витаминлардан иборат бу ўсимликнинг ем-озуқа сифатида беназир имкониятлари кашф этилди. Ўсимликнинг яшил қисми ўтхўр балиқлар, қуён, товуқ, қўй, эчки ва мўйнали жониворлар учун сервитамин емиш бўлса, қуритилган грануласи қорамоллар учун ажойиб озуқадир. Қолаверса, у ташландиқ сув ҳавзаларида ўта кўп биомасса беради. Яъни унинг ҳар гектаридан 500 тоннагача яшил масса олиш мумкин. Эйхорния Ўзбекистон шароитида бемалол кўпаяди. Аммо у 13 даража иссиқдан паст ҳароратда яшай олмайди. Биринчи йили озгина харажат талаб қилади, лекин  озуқа жамғаришнинг қулай воситасидир.

Марказда, шунингдек,  эйхорниядан биогаз олиш имконияти жорий этилаяпти. Тобора кўпайиб бораётган аҳоли, шиддатли саноат ишлаб чиқариши ва табиий газ захираларининг чексиз эмаслиги биогаз саноатини ривожлантиришга ундамоқда. Хитойнинг тўрт ярим миллион аҳолиси хонадонида биогаз қурилмалари мавжудлиги, Стокгольм шаҳар транспортининг йигирма фоизи ушбу ёқилғига ўтказилгани, поездлар ва ҳатто самолётларни унда ҳаракатлантириш тажрибалари олиб борилаётгани Ўзбекистонда ҳам ушбу тармоқни тараққий эттиришни тақозо қилмоқда. Бизда биогаз учун хом ашё — маҳаллий ўғит фермерлар эҳтиёжидан ортмайди. Германияда биогаз саноатида фойдаланиладиган маккажўхори силоси эса чорвадан ортмаслиги учун амалда қўлланилмайди. Марказда олиб борилган тадқиқот бу бўшлиқни эйхорния ўсимлиги билан тўлдириш истиқболини кўрсатди. Янги усул деярли текин хом ашёга асосланишдан ташқари, мавжуд усулдан 7-8 марта самарадор эканлиги амалда ўз тасдиғини топди.

Қисқаси, эйхорния биргина мамлакатимиз иқтисодиётига эмас, балки экологиясига ҳам катта самара келтириши билан аҳамиятлидир. 

Мўйдинжон МЎМИНОВ, 

Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Инновацион

технологияларни жорий этиш маркази» директори, 

физика-математика фанлари номзоди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn