Китоб ватанпарварликни ўргатади
  • 28 Февраль 2018

Китоб ватанпарварликни ўргатади

Олмон адиби Стефан Цвейг икки ҳодиса инсоният тараққиётида туб бурилиш ясади, деб ҳисоблайди. Буларнинг бири ғилдиракнинг, иккинчиси эса китоб босишнинг кашф қилинишидир.

Китоб — барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир. Шу маънода, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрда имзоланган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга, айниқса, ушбу ҳужжатда: “...жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она-Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга бўлган китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда”  деган жумлалар, биз, ўқитувчилар учун дастуриламалдир. 

Негаки, педагогик фаолиятим бошланганига ўттиз йилдан ошди. Шу йиллар мобайнида халқимиз фарзандларига бошланғич ҳарбий таълим ва жисмоний тарбия фанларидан сабоқ бериб келаяпман. Кўпроқ амалиёт билан боғланганлиги сабабли, дастлабки қарашда бу фанлар таълимида китоб мутолаасига ўрин йўқдай туюлади. Аслида эса ундай эмас. 

Олмон адиби Стефан Цвейг икки ҳодиса инсоният тараққиётида туб бурилиш ясади, деб ҳисоблайди. Буларнинг бири ғилдиракнинг, иккинчиси эса китоб босишнинг кашф қилинишидир. Fилдирак туфайли одамзод дунёни айланиш, бошқа халқлар ҳаётидаги янгиликлардан хабардор бўлиш, улардан кераклисини ўз ҳаётига сингдириш, тажриба алмашиш  имкониятига эга бўлди. Китоб босишнинг пайдо бўлиши билан эса уйидан чиқмасдан туриб, ортиқча уринишсиз маконлар ва замонлар бўйлаб саёҳат қилиш, ўрганиш, ўз ҳаётини мана шу ўрганганларига кўра ташкил этишга эришди. Шунга кўра, фарзандларимизни ота-боболаримизнинг шонли анъаналари руҳида, бугунги дунёнинг шахс камолотига хизмат қиладиган ютуқлари асосида тарбиялашда китобнинг ролини бошқа нарса билан алмаштириб бўлмайди. 

Маънавиятимизга дахлдор жуда кўплаб китобларнинг нашр этилганлиги бизнинг фанларимизда ҳам таълим мазмунининг ўзгариши, бойишига сабаб бўлди. “Темур тузуклари”, “Бобурнома” каби китоблар мен учун доимий қўлланма бўлиб қолди. Бу икки буюк саркарданинг нафақат ўгит ҳамда кўрсатмалари, балки шахсий жасорати, шахд ва шижоати ҳам фарзандларимизга ўрнак ҳамда тимсол бўла олади. 

Буюк ватанпарварлик ҳамда жасоратнинг яна бир намунаси Нажмиддин Кубро бобомизнинг ҳаётидир. У кишининг ғанимга қарши Ватан байроғини маҳкам ушлаб жон таслим қилганларини сўзлаганимда, ўқувчилар кўзида ўт чақнаганини кўраман... Дарс жараёнларидаги бундай ҳикоялар болаларни аста-секинлик билан китоблар оламига бошлайди. 

Обиджон БАРОТОВ, 

Fиждувон туманидаги 4-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn