Аввал биогаз қурилмаси, кейин эса микроГЭС. Зулфия булар билан тўхтаб қолмоқчи эмас
  • 27 Февраль 2018

Аввал биогаз қурилмаси, кейин эса микроГЭС. Зулфия булар билан тўхтаб қолмоқчи эмас

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни

Болаликдаги иштиёқ — инсон келажагининг тамал тоши. Наманган шаҳрининг “Янги тонг” маҳалласида яшовчи Зулфия Мамадалиева ҳаётда эришган ютуқларини ўқувчилик йилларидаги қизиқиш ва интилишларининг ҳосиласи, деб ҳисоблайди. 

Энергия соҳасига қизиқиш унга яқинларидан ўтган. Отаси — физик олим Маҳмуджон ака электротехника йўналиши билан шуғулланган. Акаси — Бахтиёр гидротехник, амакиси — Аҳмаджон ака эса “Кампирровот” ГЭСининг раҳбари бўлган. Таъминотдаги узилишлар билан боғлиқ муаммоларнинг кўп бор гувоҳи бўлган Зулфия муқобил энергия йўналишида иш олиб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Ўқувчилик чоғида ясаган шамол тегирмони макети билан тенгдошларини қойил қолдирган қиз Наманган муҳандислик педагогика институтида таҳсил олиб юрган йиллари биогаз олиш қурилмаси яратиш борасидаги тадқиқот ва янгиликлар билан муттасил танишиб борди. Олий ўқув юртида иш бошлаган чоғда тўрақўрғонлик фермер Маҳмуджон Қодиров томонидан билдирилган таклиф унинг орзуларига қанот бағишлади. Гап шундаки, у экологик жиҳатдан безарар ва арзон, энг муҳими, қайта тикланувчи муқобил ёнилғи мосламаси яратишни мақсад қилган, бироқ бу борада етарли маълумот ва қўлланмаларни топишда қийналиб юрган эди. Институтдагилар ёш муаллимани унга ҳамкор сифатида тавсия қилишди.

— Зулфиянинг ғайрати, ўқиб-ўрганишлари билан бир йил ичида қўлбола усулда ишлайдиган биогаз қурилмасини тайёрладик, — дейди М. Қодиров. — Кунига 120 кубометр ёқилғи тайёрлаш қувватига эга мосламани хўжалигимизда синовдан ўтказдик. Уч йил бўлди, узлуксиз ишлаб, хўжалик эҳтиёжларимизни тўла қондириб келаяпти. 

З. Мамадалиевадаги билим ва ҳаракатчанлик олий ўқув юрти раҳбариятининг унга нисбатан ишончини оширди. Ёш тадқиқотчини институтда амалга оширилаётган “Электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари юқори бўлган қуввати 10-15 киловаттли микроГЭС қурилмасини яратиш ва амалиётга жорий этиш” мавзуидаги инновацион лойиҳа менежерлигига муносиб кўришди. Ҳамкасблари билан биргаликдаги илмий изланишлар натижасида 2017 йили секин оқувчи сув манбасида ишлайдиган чархпалакли қурилма дунёга келди. Янги муқобил қувват қурилмаси чиқараётган электр токи ёрдамида аҳоли хонадонлари, фермер хўжалиги ёки бошқа тадбиркорлик субъектларини бемалол таъминласа бўлади. Ёритиш тизими, маиший техника воситаларини ишлатиш учун мўлжалланган микроГЭСнинг тажриба нусхаси Косонсой туманининг Навбаҳор маҳалласи ҳудудидаги оқава сув каналига ўрнатилди. Агрегат синовдан муваффақиятли ўтди. Тадқиқотчилар қурилмани ясашда асосан маҳаллий материаллардан фойдаланишди. Фақатгина генератори четдан олиб келинган.

— Қурилманинг баҳоси унча қиммат эмас, — дейди лойиҳа менежери. — Уни ясаш ва ўрнатиш харажатлари билан қўшиб ҳисоблаганда 25-30 миллион сўмдан ошмайди. Икки йилда ўзини қоплайди, ўн йил давомида ишлатиш кафолоти бор. Янгилигимизга кўпчилик қизиқиш билдираяпти. Хусусан, бир қатор тадбиркорлик субъектлари муқобил энергия воситаси тайёрлаш учун буюртма беришган.

Наманган муҳандислик технология институти ўқитувчиси З. Мамадалиева яқинда пойтахтда ўтказилган “Ўзбекистон аёлларининг юзта энг яхши инновацион лойиҳаси” республика танловида иштирок этиб, “Энг самарали инновацион лойиҳа” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. “Наманган вилоятида муқобил энергия технологияларининг ўқув ва ишлаб чиқариш марказини яратиш” мавзуидаги ушбу лойиҳада аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кундалик фаолиятида муқобил энергия манбааларини жорий қилиш ва кўникмаларини ўргатиш, янгилик ихлосмандларига амалий кўмак бериш вазифалари кўзда тутилган. Иқтидорли тадқиқотчи ҳамкасблари билан биргаликда ушбу долзарб вазифаларни амалга оширишга астойдил киришди. 

Бугун Зулфия сингари янгиликка иштиёқи баланд, кўнглидаги эзгу ғоялари билан халққа наф келтиришни дилига туккан инсонларнинг замони келди. Бу борада давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланаётган наманганлик тадқиқотчи аёл “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросига ўз изланишлари билан муносиб ҳисса қўшиш ниятида.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn