Билимдонлар олимпиадаси
  • 11 Июнь 2014

Билимдонлар олимпиадаси

Пойтахтимизда академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг фанлар йўналишлари бўйича республика олимпиадаси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ҳамкорлигида ташкил этилган анъанавий олимпиада юксак илмий салоҳиятга эга, истеъдодли ўғил-қизларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадларига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Жорий йилги билимдонлар беллашувининг якуний босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан қуйи босқичларда ғолиб бўлган ўқувчилар 15 фан йўналиши бўйича ўз салоҳиятини синовдан ўтказди. Уларнинг 37 нафарига ғолиблик насиб этди. Олимпиадада, айниқса, Самарқанд, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳри ўқувчилари яхши кўрсаткичларга эришди.

Шу муносабат билан 1-Тошкент педагогика коллежида бўлиб ўтган тадбирга таълим тизими мутасаддилари, ўқитувчилар, олимпиадада муваффақиятли қатнашган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари таклиф этилди.

Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг би-ринчи ўринбосари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У. Салимов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, ўқитиш сифати ва мазмунини янги поғонага кўтариш, рақобатбардош ва малакали кадрлар тайёрлашнинг изчил механизми яратилганини алоҳида таъкидладилар.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва соҳага дахлдор бошқа муҳим ҳужжатларга асосан, юртимизда замонавий билим масканлари барпо этилиб, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Ўқитишда илғор технологиялар кенг жорий этилиб, таълим-тарбия сифати ва самарадорлиги тобора ошиб бораётир. Давлат таълим стандартларини такомиллаштириш, ўқув дастурлари ва ўқув адабиётларини янгилаш ишлари ҳам давом эттирилаяпти.

Соҳага қаратилаётган бундай улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасини навқирон ҳамюртларимизнинг халқаро миқёсдаги фан олимпиадалари, интеллектуал беллашувлар ва кўрик-танловларда эришаётган салмоқли ютуқлари мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Аниқ рақамларни келтирадиган бўлсак, мустақиллик йилларида халқаро фан олимпиадаларида Ўзбекистон жамоаси таркибида жами 261 нафар ўқувчи қатнашиб, улар 22 та олтин, 52 та кумуш, 94 та бронза медали ва юздан ортиқ дипломларни қўлга киритдилар.

Тадбирда шулар хусусида атрофлича сўз юритилиб, жорий йилги умумтаълим фанлар бўйича республика олимпиадаси ғолибларига совринлар топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn