Боғча тарбиячилари қайта тайёрланади
Боғча тарбиячилари қайта тайёрланади Фото: mdo.uz
  • 26 Февраль 2018

Боғча тарбиячилари қайта тайёрланади

Мамлакатимиздаги педагогика олий ўқув юртларида мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари бепул қайта тайёрланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Президентимиз 2018 йилнинг 14 февралида мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида тизимда фаолият олиб бораётган тарбиячиларнинг савияси, билими ҳамда кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратди.

“Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан келиб чиққан ҳолда, шу йилнинг 22 февраль куни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида дефектолог (логопед), амалий психология ҳамда мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси қайта тайёрлов курсларига қабул қилинган илк тингловчилар учун ўқув машғулотлари бошланди.

Машғулотлар замонавий педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда илғор хорижий тажрибалардан кенг фойдаланган ҳолда олиб борилмоқда. Барча аудитория, ўқув хоналари компьютер ва замонавий педагогик ускуналар билан таъминланган. Қайта тайёрлов курсига Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан 816 нафар олий маълумотли талабгор жалб этилди. Шунингдек, республикамиздаги барча университет ҳамда педагогика институтлари базасида ташкил қилинган педагог ва номутахассис кадрларни бепул қайта тайёрлаш курсларига боғчаларнинг минглаб ходимлари тингловчиликка қабул қилинди.

Видеоселектор йиғилишида бугунги кунда тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячиларнинг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилганди. Келгуси уч йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлади. Шу боис 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида “Мактабгача таълим” йўналишида кундузги шаклда уч йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий қилинади. Бунда илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ҳамда дастурлари ишлаб чиқилади. Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки шаклда бакалаврлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

«Халқ сўзи» мухбири

Дилшод КАРИМОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn