Тошкентда илк бор “Women Techmakers 2018 International Women’s Day Celebration” (IWD) тадбири ўтказилади
  • 22 Февраль 2018

Тошкентда илк бор “Women Techmakers 2018 International Women’s Day Celebration” (IWD) тадбири ўтказилади

Тошкентда илк бор “Women Techmakers 2018 International Women’s Day Celebration” (IWD) тадбири ўтказилади. Унга пойтахтимиздаги Инҳа университети мезбонлик қилади.

“Women Techmakers” бренди “Google” компаниясига тегишли бўлиб, юқори технологиялар соҳасидаги хотин-қизлар учун глобал дастур ҳисобланади. У инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва мазкур тармоққа аёлларни жалб этишга кўмаклашиш учун ресурслар йўналтиради. 

“Google Developer Groups (GDG) Tashkent”  гуруҳи  Инҳа университети ва БМТнинг маъмурий ислоҳотлар ва рақамли ўзгаришлар бўйича дастури ва “Super Dispatch” компанияси кўмагида ушбу тадбирни ўтказади.

Тадбир икки қисмдан иборат бўлади. Куннинг биринчи ярмида иштирокчилар ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб борадиган хотин-қизлар фаолияти билан таништирилади. Улар IT-лойиҳалар устида ишлаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашади. Хориж компанияларининг бу борадаги ютуқлари бўйича фикр алмашилади.
Иккинчи қисмида семинарлар, маҳорат мактаблари ўтказилиб, турли ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва лойиҳаларни бошқариш бўйича билимлар берилади.

Тадбирда 18 ёшдан катта бўлган барча хоҳловчилар қатнашиши мумкин. Тадбир ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади. Унда иштирок этиш учун қуйидаги манзил орқали шу йилнинг 5 мартига қадар рўйхатдан ўтиш лозим: http://bit.ly/wtm18tashkent.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn