Боғча тарбияси бола дунёқарашини кенгайтиради
Версия для печати
Боғча тарбияси бола дунёқарашини кенгайтиради Фото: sof.uz
  • 22 Февраль 2018

Боғча тарбияси бола дунёқарашини кенгайтиради

Ҳар бир она ўз фарзандидан кўнгли тинч бўлишини истайди. Ўзлари турмуш ташвишлари билан бандлигида жигарбандлари тарбиячилар қарамоғида бўлишини хоҳлаб боғчага олиб боришади. Эндиликда эса “Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида”ги Низомда мактабгача таълим муассасаларига кичкинтойларни уч ёшдан қабул қилиш қатъий белгилаб қўйилди.

  • — Фарзанд уч ёшгача тўлиқ ота-она қарамоғи ҳамда тарбиясида бўлади, — дейди Урганч давлат университетининг бошланғич ва мактабгача таълим методикаси кафедраси мудири Худойберган Бекчонов. — Шундан сўнг улар боғчага берилса, ота-она меҳридан кўпроқ баҳраманд ўғил-қизларнинг бу ердаги машғулотларга қизиқиши ортади.

Бу борада Хоразм вилоятида ҳам талай ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йилдан бошлаб Оролбўйи минтақасидаги табиий шарт-шароитлар ҳисобга олиниб, ҳудуд аҳолиси фарзандлари учун мактабгача таълим муассасаларига бадал тўлови икки баробар камайтирилди. Бу эса кичкинтойларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш имконини бераётир.

  • — Авваллари ўғлим боғчага бормайман, деб хархаша қиларди, — дейди урганчлик Севара Шомуродова. — Энди кечқурун боғчадан кетмайман, деб тўполон қилади. Қисқа муддат ичида озиқ-овқат, ўйинчоқлар, рангли китоблар таъминоти тизимли йўлга қўйилиши, машғулотлар янгича услубларда ўтказилиши унинг мурғак қалбига тез таъсир этди. “Болани меҳр улғайтиради”, деганлари рост экан.

Ҳозирги кунда Хоразмда 247 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларга боғча ёшидаги болаларнинг
26,7 фоизи қамраб олинган. Айрим ҳудудларда бундай муассасалар йўқлиги ёки ўринлар сони етарли эмаслиги ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хусусан, Урганч туманидаги Чоткўпир, Янгибозор туманидаги Боғолон, Хонқа туманидаги Амударё ва бошқа бир қатор қишлоқлар аҳолиси ҳудудларидаги боғчаларни таъмирлаш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Хоразм вилояти Халқ қабулхонасига мурожаат этганлар.

Энди уларни ҳал қилиш учун таъмирлаш ва реконструкция ишларига жиддий эътибор зарур. Давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида янги муассасаларни ташкил этиш бу борада қўл келади.
2018 йилда воҳада 140 та ана шундай янги типдаги боғча ишга тушса, қўшимча 10 минг нафар бола мактабгача таълим билан қамраб олинади. Натижада минглаб аёлларга фаол ижтимоий меҳнат билан шуғулланиш имконияти туғилади. Қолаверса, кичкинтойларнинг замонавий талабларга жавоб берадиган шароитларда камол топиши кафолатланади.
Шовотлик Моҳира Жумабоева университетнинг магистратура босқичини тамомлаган. Ёш авлод таълим-тарбияси билан шуғулланиш борасида билими ҳам, тажрибаси ҳам етарли.

  • — Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимидаги ислоҳотлардан руҳланиб, замонавий типдаги хусусий болалар боғчаси очиш учун ер участкаси ажратишни сўраб туман ҳокимлигига мурожаат этгандим, — дейди у. — Аммо туман раҳбарияти “Отангга бор, онангга бор...” қабилидаги сансалорликлар билан бир йилдан бери мени овора қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида замонавий ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш мақсадида инвесторларга ер участкалари, бўш турган бинолар, фаолият юритмаётган ва тарбияланувчилар сони кам бўлган давлат мактабгача таълим муассасаларини беғараз ажратиш белгиланган. Демак, Моҳиранинг ташаббуси ҳам таълимнинг сифат ва самарадорлигини яхшилашга ҳисса қўшади. Ўйлаймизки, Шовот тумани ҳокимиятида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратишади.
Одилбек ОДАМБОЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn