Ўзбекистон Миллий университети Исроилнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боради
  • 21 Февраль 2018

Ўзбекистон Миллий университети Исроилнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боради

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети делегацияси Исроилнинг Хайфа шаҳридаги технологик муҳандисликка ихтисослаштирилган Технион институтида бўлиб туришибди.

Сафар давомида Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов ва Исроил математиклар ассоциацияси президенти, профессор Коби Рубинштейн ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро академик ҳамкорлик ўрнатиш, хусусан, амалий математика ва математик муҳандислик йўналишларида қисқа муддатли профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, бирга инновацион технологик изланишлар, илмий тадқиқотлар олиб боришга келишиб олинди.

Делегация аъзолари замонавий имкониятларни ҳаётга тадбиқ этаётган давлатнинг таълим стандарларини кузатиш ва ўрганиш мақсадида Холон шаҳридаги Аутизм синдроми билан касалланган болалар учун мўлжалланган мусиқа мактабида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ва ўқитиш методикаси билан танишди. Шунингдек, Холон технология институти ўқув лабораторияларини бориб кўрди. Инновацион марказ лабораториялари, 3D моделлаштириш лабораторияси (Design & Manufacturing), Компьютер хавфсизлиги, Роботехника лабораторияларининг иш фаолияти ва техник жиҳозланишини кўздан кечирди.

Ҳамкорлик дастурига мувофиқ, шу йилнинг апрель ойида профессор Коби Рубинштейн бошчилигидаги гуруҳ Ўзбекистон Миллий университетида икки ҳафталик семинар-тренинг ўтказади.

Қайд этиш керакки, мамлакатимиз олий таълим муассасалари Исроилнинг бир неча олий ўқув юртлари билан изчил ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, Самарқанд давлат университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялар университети Исроилнинг Холон технология институти ўртасида онлайн видеоалоқа тизими ўрнатилган. Тошкент ахборот технологиялари университетида янги очилаётган “Тиббиётда компьютер тизимлари” магистратура мутахассислиги учун ўзаро ҳамкорликда ўқув қўлланмалари ва дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
Ситорабону Хикматуллаева,
ЎзМУ талабаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn