Эзгулик куйчиси
  • 05 Февраль 2018

Эзгулик куйчиси

Алишер Навоий улуғ сўз санъаткоригина эмас, балки ўз даврининг қомусий алломаси ҳам эди. Асарларидаги умумбашарий ғоялар, илм-фан тараққиёти билан боғлиқ қарашлар, одам ва олам муносабатларига оид фалсафий умумлашмалар, энг муҳими, баркамол авлод тарбиясига алоқадор дастурий кўрсатмалар бугунги кунимиз учун ҳам ғоят аҳамиятлидир.

Улуғ сиймоларнинг ҳаёт йўли, турмуш тарзи ҳам бошқалар учун ибрат тимсоли, беминнат мактаб намунаси бўлиб хизмат қилади. Зеро, Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул- қулуб” асари муқаддимасида шундай  мисралар бор:

Гаҳе топтим фалакдин нотавонлиғ,

Гаҳе кўрдум замондин комронлиғ.

Басе иссиғ-совуқ кўрдум замонда,

Басе аччиғ-чучук тоттим жаҳонда.

Шунингдек, муаллиф ўз умр йўли хулосаларидан келиб чиқиб, қандай тоифа кишилардан узоқ бўлиш, кимларга эргашиш лозимлиги ҳақида бизни огоҳ этар экан, “ҳар нав эл суҳбат ва хусусияти аларга ҳавас бўлгай, бу фақирнинг тажрибаси аларга бас бўлгай”, дейди. Дарҳақиқат, улуғ шоир ва мутафаккирни ўз даврида изтироб ҳамда ташвишга солган айрим иллатлар бугунги кунда ҳам инсониятни хавотирга солаётганлиги боис, унинг ўгитларига қайта-қайта мурожаат қилишимизни, тегишли хулоса чиқаришимизни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Жумладан, айрим ёшларнинг умрини хазон қилаётган, гиёҳвандлик иллати ўз даврида Навоийни ҳам улуғ сўз санъаткори, ҳам давлат арбоби сифатида бонг уришига сабаб бўлган. “Лисон ут-тайр” достонида муаллиф  гиёҳвандликка мубтало бўлган бир кимсанинг ўткинчи лаззат ва хомхаёлларга берилиши оқибатида ҳушёрликни йўқотиб, чаён нишидан ҳалок бўлишини ҳикоя қилади. 

Бугунги глобаллашув жараёнида инсониятнинг қадим анъаналарга, жумладан, оилага оид умумбашарий қадриятларга рахна солинаётганини айрим мамлакатлар мисолида кўриб турибмиз. Жамиятнинг олтин ҳалқаси бўлмиш оилада эркакнинг ўз ўрни, аёлнинг ўз вазифалари мавжудлиги исбот талаб қилмайди. Алишер Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида  бир жинсли одамларнинг оила қуришларини нафрат билан тилга олар экан, бундай шайтоний хатти-ҳаракат бутун бошли қавмни ҳалокатга олиб борганлигини тарихий мисоллар асосида уқтиради.

“Садди Искандарий” достонида Яъжуж-Маъжужлар деб номланувчи даҳшатли махлуқлар тасвири берилган. Бундай мажозий махлуқлар бир кўзли бўлиб, теварак атрофга назар солишдан, мулоҳаза юритишдан маҳрумдирлар. Натижада улар ўз йўлларида ким ва нима учраса нобуд қилиб кетаверадилар.  Энди айтинг-чи, Ватанини оёқости қилувчи, ҳатто ўз ота-онасига ҳам қурол кўтарувчилар ана шу махлуқларни эслатмаяптими?! Демак, мамлакатимизда олиб борилаётган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш сиёсати  Алишер Навоий меросида олға сурилган оламшумул ғояларнинг  ҳеч қачон эскирмаслигини яна бир бор тасдиқлайди. 

Бугунги кунда дунё мураккаб ижтимоий-сиёсий вазиятни бошдан кечирмоқда. Жаҳон харитасида оловли нуқталар сони, афсуслар бўлсинки, кўпайиб бормоқда. Айрим кимсалар ҳатто иқлимни ўзгартириб юборадиган қуроллар устида “бош қотираётган”лиги ҳақида эшитганимизда, Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонидаги банибашарни огоҳлантирувчи қуйидаги мисралари беихтиёр хаёлимизни банд этади:

...Бу гўё жаҳон ичра тўфон эрур,

Ки андин жаҳон аҳли вайрон эрур.

Не тўфон, бало баҳри чайқолмоғи,

Жаҳон аҳли сув остиға қолмоғи.

Бугун олиб борилаётган тинчликсевар сиёсат туфайли ўтган бир йил ичида эришилган ютуқлар бизга таскин бериш билан бирга, қалбимизни ифтихор туйғуларига ҳам тўлдиради. Зеро, юртимиз сарҳадлари қадимий қўшниларимиз билан дўстлик чегараларига айланмоқда, юртимиз раҳбарининг бу борадаги даъвати жаҳон минбаридан янграмоқда, ташаббуслар олам аҳли томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда, чунки биз Алишер Навоийнинг қуйидаги васиятига ҳамиша содиқмиз:

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш!

Ҳабибулло ЖЎРАЕВ,

филология фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn