Бутунжаҳон фанлар академиясидаги ўзбекистонлик академиклар сони 4 нафарга етди
  • 02 Февраль 2018

Бутунжаҳон фанлар академиясидаги ўзбекистонлик академиклар сони 4 нафарга етди

Бутунжаҳон фанлар академияси(TWAS)нинг 55 нафар янги ҳақиқий аъзоси номи эълон қилинди. Улар ичида Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти олими Ўткир Розиқов ҳам бор. Бу ҳақида TWAS расмий веб-сайтида хабар берилди.

Зеро, физика-математика фанлари доктори, профессор Ўткир Розиқов Гиббс ўлчовлари назария¬сига салмоқли ҳисса қўшган. Эволюцион операторлар жабҳасида қатор муваффақиятларга эришган. Жумладан, математик анализ, алгебра ва эҳтимоллар назариясининг замонавий усуллари билан физик ва биологик системаларнинг термодинамикаси ва динамикаси назарияларини яратиб, уларни табиий фанларга қўллашда юксак натижаларга эришган. Биологик тизимлар авлодларини башорат қилиш, уларга олдиндан таъсир кўрсатиш имконини, авлод алмашганда қандай генетик белгилар сақланиб қолиши мумкинлигини математик усуллар билан аниқ исботлаб бергани бунинг тасдиғидир. Айни чоғда p-адик бўлиниш ва р-адик динамик тизимини ўрганишни таклиф этган. Олинган натижалари ҳалқаро миқёсда юқори баҳоланган. Ҳамюртимиз қатор илмий ишлар, мақолалар муаллифи, халқаро конференциялар иштирокчиси бўлиши қаторида кўплаб иқтидорли шогирдлар етиштириб чиқарган.  

Олимнинг камтарона меҳнатлари давлатимиз томонидан ҳам юксак мукофотланган. Президентимизнинг ўтган йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини бериш тўғрисида”ги Фармони билан у академик Шавкат Аюпов, физика-математика фанлари докторлари Каримберген Кудайбергенов ҳамда Баҳром Омиров билан биргаликда “Ноассоциатив алгебралар, дифференциаллаш ва ночизиқли динамик системалар назарияларини ривожлантириш” фундаментал тадқиқоти учун биринчи даражали давлат мукофоти билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, Ў.Розиқов 2007-2012 йилларда Бутунжаҳон фанлар академиясига ёш ҳамкор сифатида тайёрланганди. Мазкур ташкилотнинг “Young Alumnus” дастури битирувчиси ва ёш олимга тақдим этиладиган соврини ҳамда “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби ҳамдир. 

Маълумот учун: Бутунжаҳон фанлар академияси (“The World Academy of Sciences”, TWAS) Италиянинг Триесте шаҳрида жойлашган бўлиб, глобал фанлар академияси сифатида тавсифланади. Унинг ташкилотчиси БМТнинг ЮНЕСКО тузилмаси ҳисобланади. 

Мазкур илм масканига Нобель мукофоти лауреати, покистонлик Абдус Салом бошчилигидаги олимлар гуруҳи томонидан 1983 йилда асос солинган. Бугунги кунда TWASнинг ҳақиқий аъзолари сони 1228 нафар бўлиб, улар 90 дан ортиқ давлатлар вакилларидир. 1984 йилдан илм-фан бўйича Халқаро кенгаш таркибига киритилган.

Унга айни пайтда Ў.Розиқовдан ташқари яна уч нафар ўзбекистонлик олим - Ш.А.Аюпов(2003), Р.А. Ганиев(2008) ва И.Й. Абдурахмонов аъзо ҳисобланади

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn