Сурхондарёда бир йўла учта олий таълим муассасаси очилди
  • 02 Февраль 2018

Сурхондарёда бир йўла учта олий таълим муассасаси очилди

Бугун турли соҳаларга доир ўткир муаммолар ечими кадрлар салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, жойларда тиббиёт ҳамда таълим тизими мутахассисларига талаб ва эҳтиёж юқори. 

Президентимиз жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида мазкур масалаларни самарали ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган эди. 

Шунга мувофиқ, воҳада бир йўла учта олий таълим муассасаси филиали фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда ҳудуд ёшлари Тошкент тиббиёт академияси ва Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз, Термиз давлат университетининг Денов филиалларида таҳсил олишлари мумкин.

Хусусан, Тошкент тиббиёт академияси Термиз филиали Термиз тиббиёт коллежи негизида иш бошлади. Бунинг учун таълим даргоҳида замонавий шарт-шароитлар яратилди. Зарур асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари келтирилди. Иккита ўқув биноси, ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт зали, 460 ўринли иккита талабалар тураржойи фойдаланишга топширилди. Талабаликка қабул қилинган 300 нафар йигит-қизга малакали профессор-ўқитувчилар соҳа сир-асрорларини ўргатадилар. 

— 2016 йилда Шеробод туманидаги тиббиёт коллежини тамомлаганман, — дейди Севара Олимова. — Олий маълумотли мутахассис бўлиш орзусида эдим. Шу мақсадда кетма-кет икки йил Тошкент тиббиёт академиясига ҳужжат топшириб, етарли натижага эриша олмадим. Давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Ўтган йили кириш имтиҳонларида тўплаган баллим даволаш ишлари йўналиши бўйича, тўлов-контракт асосида филиал талабасига айланишим учун кифоя қилди. Қолаверса, узоғимиз яқин бўлганидан ота-онам ҳам жуда хурсанд. 

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Термиз филиалига эса 520 нафар талаба қабул қилинди. Улар бешта йўналиш ва махсус сиртқи бўлимда ўқишади. Мазкур жараёнда Термиз шаҳри ва барча туманлар кесимида педагогларга бўлган эҳтиёж ҳисобга олинди. Шунга мувофиқ, берилган квоталар тақсимланди. 

— Термиз давлат университетига уч йил давомида ҳужжат топшириб, етарли балл тўплай олмаган эдим, — дейди Термиз шаҳрида яшовчи Матлуба Ниғматуллаева. — Мана, энди бахтиёрман. Бу ерда мактабгача таълим йўналиши бўйича олий маълумотга эга бўламан.

Термиз давлат университетидан маълум қилишларича, ўтган йили мазкур таълим муассасасининг бакалавриат йўналишларига 67 минг нафар абитуриент ҳужжат топширган. Тест имтиҳонлари якуни бўйича шулардан 1800 нафари 43 йўналиш бўйича талабаликка қабул қилинган. Эндиликда бу кўрсаткич янада ошди. Яъни Термиз давлат университетининг Денов филиалига 700 нафарга яқин талабалар тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинди. 

Яна бир эътиборли жиҳати, ҳар уч филиални битирадиган ёшларнинг бўлажак иш жойлари ҳозирданоқ тайин. Негаки, улар ўз ҳудудидаги тиббиёт ва таълим муассасалари билан  шартномалар имзолашган. 

Олий таълим муассасалари филиалларининг тантанали очилиш маросимларида Сурхондарё вилояти ҳокими Э. Турдимов, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири 

И. Мажидов иштирок этди. 

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn