Грузиялик олимлар эплолмаган ишни уддалаган боғбон
  • 01 Февраль 2018

Грузиялик олимлар эплолмаган ишни уддалаган боғбон

Халқимиз “қиш меваси” дея эъзозлайдиган лимон бугун бозорларимизда сероб. Нархи ҳам ҳамёнбоп. Чунки юртдошларимиз аллақачон бу цитрус неъматни уй шароитида етиштиришнинг ҳадисини олишган. Аммо ярим аср аввал буни фақат орзу қилиш мумкин эди, холос. Ёши улуғ кишилар яхши эслашади: илгари Ўзбекистонга лимон чет давлатлардан олиб келинар, ушбу шифобахш неъматни сотиб олишга эса ҳамманинг ҳам қурби етмасди. Хўш, иссиқсевар ўсимлик маҳаллий иқлим шароитига қай тариқа мослаштирилди?

  • Аслида, мазкур наботот намунасини иқлимлаштириш ҳаракати 1932 йилда бошланган эди. Ўшанда юртимизга Грузиядан келган 15 нафар олим маҳаллий мутахассислар кўмагида цитрус экинни экиб, кўпайтиришга киришади. Бироқ уч йиллик синов амалиёти кутилган натижани бермайди. Яъни Ўзбекистонда қиш қаттиқ келиши оқибатида дарахтларни совуқ уради. Лимон иссиқ ва ёруғсевар, айни пайтда намга талабчан ўсимлик эмасми, 17-18 даража ҳароратда яхши ривожланади. 1,5-2 даража совуқда унинг меваси ва новдалари, 5-6 даражада эса дарахтнинг бутун танаси нобуд бўлади. Ҳафсаласи пир бўлган олимлар ўсимликларни кўмиб ташлашга қарор қилади. Жараённи яқиндан кузатган Фахриддин бобо эндигина 10 ёшга тўлган ўғлига қарата “Зайниддин, ўсимлик тўғри парваришланса, она-тупроғимизда, албатта, ҳосил беради”, дейди.

 

Бу бўлғуси боғбоннинг лимонга меҳри тушишига катта туртки беради. Орадан йиллар ўтса-да, мазкур инжиқ ўсимликни кўпайтириш фикри унинг хаёлидан бир зум ҳам кетмайди. Бироқ кўчатни қаердан олади?

“Тадбирли одам танг аҳволда қолмайди”, деганлари рост экан. Буни қарангки, боғбон наъматакка атиргулни пайванд қилиш орқали етиштирган кўчатларга Грузияда талаб ортиб кетади. Натижада унинг орзуси рўёби сари йўлакча очилади.

Гап шундаки, Зайниддин Фахриддинов атиргул ўрнига цитрус дарахт ниҳолларини олиб келади. Экишда эса анъанавий усуллардан воз кечиб, траншеяни қўллайди. Яъни ернинг бир ярим метр тупроғи олиб ташланиб, усти ёпиқ ҳолда, иситкичсиз парваришлай бошлайди.

  • Чин дилдан қилинган меҳнат самараси узоқ куттирмади. 1960 йил октябрь ойида лимон дарахтларидан нишона ҳосил узиб олинди. Шу тариқа З. Фахриддинов изланишлари туфайли юртимизда боғдорчиликнинг янги тармоғи — лимончиликка асос солинади. 1965 — 1995 йилларда Тошкент вилоятининг ҳозирги Қибрай тумани ҳудудида умумий майдони салкам 70 гектарлик иссиқхона бунёд этилиб, лимонзорлар яратилади. Унинг ҳар гектаридан 30 тоннадан ҳосил олинади. У нафақат республикамиз аҳолиси дастурхонига тортиқ этилади, балки экспорт ҳам қилинади.

Халқ селекционери, фахрий академик Зайниддин Фахриддинов томонидан лимоннинг “Ф-2 Юбилейний”, “Золотое яблоко”, “Тошкент”, “Мейр” маҳаллий навлари яратилган. Улар серҳосиллиги, мевасининг йириклиги, ўзгача мазаси билан алоҳида қадрланади.

Бугунги кунда Президентимиз ташаббуси билан лимончиликни ривожлантириш, иссиқхоналар барпо этиш, цитрус мевалар етиштиришни кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани ўзбек лимончилигининг асосчиси бўлган Зайниддин Фахриддинов ишини давом эттираётган биз, фарзандлари, шогирдлари кўнглини тоғдек кўтармоқда. Чунки лимончилик сердаромад тармоқлар сирасига киради. Харажати кам, фойдаси эса юқори.

Яна бир муҳим жиҳати, ўсимликни траншея усулида ҳеч қандай ёқилғисиз парваришлаш мумкин. Ниҳоли ўтқазилгандан сўнг 3-4 йилда мева тугади. Унинг ҳар тупидан 15 — 20 килограммгача ҳосил олиш мумкин. Бу уй шароитида гултувакда парваришланган бир туп лимон битта оиланинг ушбу тансиқ неъматга бўлган талабини бемалол қондиради, деганидир.

  • Саноат усулида етиштирилганда эса гектаридан 30 тоннадан ошириб ҳосил териб олинади. Унинг ҳар килограммини ўртача 10 минг сўмдан сотган тақдирингизда ҳам 300 миллион сўм даромад кўриш мумкин.

Ушбу меванинг инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги ролини эса маблағ билан ўлчаб бўлмайди. Бинобарин, лимон шарбати таркибида 3,5 — 8,1 фоиз кислота, 1,9 — 3 фоиз қанд, С, РР ва В витаминлари, пектин моддалар, темир, фосфор, калий, кальций, магний тузлари бор. Шу боис лимон меваси қон босими ошганда, қандли диабет, юрак-қон томир касалликларида энг самарали восита сифатида тавсия қилинади. Озиқ-овқат саноати, айниқса, қандолатчиликда муҳим хом ашё саналади. Гули таркибида эфир мойлари ниҳоятда кўплиги туфайли косметика саноатида ўта қадрланади. Мурғак бачкиси чой қилиб ичилса, кўплаб хасталикларнинг олдини олади.               

Юртимизда лимончиликни янада равнақ топтириш борасида кўрилаётган амалий чора-тадбирлар ҳосилдорлиги, таъми, шифобахш хусусиятлари билан фарқланувчи Ўзбекистон лимонининг янги навларини яратиш борасидаги илмий изланишларни изчил давом эттириш, уни дунё халқлари дастурхонига тортиқ қилиш борасида қўшимча имкониятларни туҳфа этмоқда.

Раъно ХОДЖАЕВА,

қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn