Тест синовлари: Янгиликлар, ўзгаришлар, қўшимчалар
  • 04 Июнь 2014

Тест синовлари: Янгиликлар, ўзгаришлар, қўшимчалар

Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунлар асосида яратилган, жаҳон тажрибасида “ўзбек модели” дея эътироф этилган, миллий анъаналарга ва илғор хорижий андозаларга уйғун малакали кадрлар тайёрлаш тизими ўзининг кенг қамровлилиги билан бугунги кунда мамлакатимизнинг ёрқин ва буюк келажагини барпо этишда ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.

Ушбу тизим, биринчи навбатда, юксак маънавиятли, ўзининг мустақил фикрига эга, замонавий билим ва технологияларни ўзлаштиришга қодир бўлган баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини яққол ифодалайди.
Биласиз, юртимизда 1992 йилдан бошлаб олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул қилиш тест синовлари асосида амалга оширилмоқда. Бу қобилиятли ёшларни танлаб олишда муҳим аҳамият касб этаяпти.
Тест технологиясини ривожлантириш, замонавий талабларга мос, абитуриентларнинг билим даражасини холисона баҳолаш ва танлаш имконини берадиган ягона тест топшириқлари базасини шакллантириш Давлат тест маркази олдида турган  асосий вазифадир. Айтиш жоизки, йилдан-йилга ушбу синов усули муттасил такомиллашиб бораётир. Ёшларнинг билим даражасини, мустақил фикрлаш қобилиятини, тафаккур имкониятларини холисона баҳолашга қаратилган юқори сифатли тест топшириқларининг кенг кўламли жамғармасини яратиш натижасида кўп вариантли тизим вужудга келди. Кейинги йилларда эса ҳар бир абитуриент учун индивидуал вариантли тест тизимига ўтиш йўлга қўйилди.
Бу йил олий таълим муассасаларида таълим ва касб йўналишларига кўплаб янгиликлар киритилди, кириш имтиҳонлари тизимида айрим ўзгартишлар жорий этилди. Президентимизнинг 2014 йил 30 апрелда қабул қилинган Республика олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибини янада такомиллаштиришга оид қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мазкур қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш давлат комиссиясининг 2014 йил 1 майда бўлиб ўтган йиғилишида тегишли масалалар муҳокама этилди.
Тест синовларидаги янгиликлардан бири информатика ва ахборот технологияларига доир савол ҳамда топшириқлар киритилиши билан боғлиқдир. Компьютер технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги кунда ҳар бир инсоннинг ахборот технологияларидан хабардор бўлишини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Айниқса, йигит-қизларимизнинг информатика ва ахборот технологиялари бўйича чуқур билим ва кўникмага эга бўлиши ниҳоятда муҳим.
Шундан келиб чиқиб, математика фани бўйича тест саволларига информатика ва ахборот технологияларига доир савол ҳамда топшириқлар киритилмоқда. Бунда математика бўйича тест топшириқлари сони 30 та, информатика ва ахборот технологиялари бўйича эса 6 тани ташкил этади. Тест синовлари топшириладиган жами 168 та йўналишнинг 108 тасида математикадан тест синови киритилган бўлиб, жорий этилаётган бу янгилик барча 108 та йўналишга ҳам тааллуқлидир.
Шу ўринда информатика ва ахборот технологиялари фанидан тест синовига тайёргарлик кўраётган абитуриентлар диққатига бир жиҳатни айтиб ўтмоқчи эдикки, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти (www.dtm.uz)да олий таълим муассасаларига кирувчилар учун информатика ва ахборот технологиялари фанидан тест топшириқларининг дастури эълон қилинган. Шунингдек, информатика ва ахборот технологиялари фанидан фойдаланиладиган дарсликлар рўйхати берилган. 
Тест синовларига киритилаётган яна бир муҳим янгиликлардан бири йўналишлар бўйича тест синови топшириладиган фанлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш ҳамда янгилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилганидир. Жами 43 та таълим йўналиши бўйича тест синовлари ўтказиладиган фанларга ўзгартиришлар киритилди. Бунда, айниқса, мутахассисликка оид фанлар, яъни 1-блокдаги 3,1 балл билан баҳоланадиган фанларнинг ролини тубдан оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 22 йўналиш бўйича мутахассисликка оид фанлар қайта кўриб чиқилди.
Пировардида жорий йилдан физика асосий мутахассислик фани бўлган таълим йўналишлари сони бештадан йигирматага кўпайтирилди. Булар, масалан, “Механика”, “Геофизика”, “Кончилик иши”, “Нефть, газ ва кимё саноати технологияси”, “Электротехника, электромеханика, электр технологиялари” йўналишларидир.
Биология асосий фан сифатида ўқитиладиган таълим йўналишлари сони ўн саккизтадан йигирма биттага кўпайди. “Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилик”, “Зоотехния” (турлар бўйича), “Ветеринария” ва бошқалар ана шулар жумласидандир.
Жорий этилаётган мазкур янгиликлар абитуриентлар билим даражасини холисона баҳолашда мутахассисликка оид фанларнинг роли ва аҳамиятини сезиларли равишда ошириш имконини беради.
Тест синовларига киритилаётган навбатдаги янгилик давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрда “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан бу йил 24 таълим йўналишида чет тиллар бўйича тест синовлари жорий этилаётганидир. Шундай қилиб, чет тиллар бўйича тест синовлари ўтказиладиган таълим йўналишлари сони 35 дан 59 тага етди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга кирадиган абитуриентлар учун тест синовидан ўтказиладиган фанлар бўйича топшириқлар қайта кўриб чиқилди. Бунда олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг икки юзга яқин тажрибали ўқитувчиси, юқори малакали мутахассислар, илмий кадрлар жалб этилди. Шунингдек, абитуриентларнинг мантиқий фикрлаш қобилияти, дунёқараши, тест синовлари ўтказиладиган фанларни қанчалик чуқур билишини аниқлашга қаратилган тест саволларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада давлат таълим стандартлари доирасида замонавий талабларга мос, олий таълим муассасаларига ўқишга киришни истаган ёшларнинг билим даражасини холисона баҳолаш ва танлаш имконини берадиган ягона тест саволлари базаси шакллантирилди.
Олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартибига киритилаётган ўзгартишлар ҳақидаги ахборот, информатика ва ахборот технологиялари бўйича тест саволлари ҳамда вазифалари дастурлари, таълим йўналишлари бўйича тест ўтказиладиган фанлар рўйхати ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, оммавий ахборот воситалари, ваколатли давлат органлари сайтлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг сайти орқали абитуриентлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига етказилади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, таълим-тарбия тизимини сифат ҳамда самарадорлик жиҳатидан бутунлай янги босқичга кўтариш бугунги кунда олдимизда турган энг устувор вазифадир. Бу борада жорий этилаётган ўзгариш ва янгиланишлар ёшларимизнинг порлоқ истиқболига хизмат қилаётгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Жаҳонгир ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Давлат тест маркази директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn