Бугун Тошкент вақти билан соат 14:55да Ой сайёрамизга энг қисқа (358994 километр) масофагача яқинлашди 
  • 30 Январь 2018

Бугун Тошкент вақти билан соат 14:55да Ой сайёрамизга энг қисқа (358994 километр) масофагача яқинлашди 

Эртага Ер юзи аҳолиси агар об-ҳаво шароити имконият яратса, бирданига Ер йўлдоши билан боғлиқ қатор ноёб ҳодисаларни кузатиши мумкин. Улар Ойнинг мукаммал даражада тўлишиши, унинг арғувон тусга кириб тутилиши, ойда иккинчи марта тўлин Ой ҳосил бўлиши, яъни “мовий Ой” ҳолатини томоша қилишлари мумкин. Бундай ҳолат 1866 йил мартидан буён кузатилмаётган эди.  

Бу ҳақда “78” телеканал хабар берди. 

  • Маълумот учун, Ойнинг мукаммал даражада тўлишиши Ой ва Ер бир-бирига энг қисқа масофада яқинлашиш пайти тўлин Ой ёки Ҳилолнинг кўкка чиқиши даврига тўғри келиб қолганда рўй беради. Яна бир гап: Ер, Ой ва Қуёш марказлари бир чизиққа мос тушганда Қуёш ёки Ой тутилиши рўй беради.   

Айтганча, бугун Тошкент вақти билан соат 14:55да Ой сайёрамизга энг қисқа - 358994 километр масофагача яқинлашади. Эртага Тошкент вақти билан соат 16:28 дан 20:11 га қадар Ой тўлишиши ва унинг тўлиқ тутилиши ҳолати содир бўлади.

  • Маълумот учун, Ер юзасига етиб келаётган Қуёш нурлари атмосферага ҳам тарқалади ва уларнинг маълум қисми Ойда ҳам аксланади. Шунинг ҳисобига   Ой тўлишган ва тутилган пайтда қизил-арғувон рангига киради. Ер атмосфераси ёруғликнинг қизил-тўқ сариқ спектри учун жуда шаффоф бўлгани учун улар Ой юзасига етиб боради. 

Яна бир гап. Бир ойнинг ўзида икки бор Ой тўлишиш ҳодисаси мовий ранг билан боғланиши Ер йўлдоши айнан шу тусга киришини англатмайди. Масалан, шу ойнинг 2-санасида Ой тўлганди, энди 31 январда ҳам шундай бўлади. Яъни бундай ҳодиса ҳар 29,5 кунда, бир ойда икки марта кузатилиши эса ҳар уч йилда бир маротаба бўлади. “Мовий ой” тушунчаси инглиз тилидаги “Once in a Blue Moon” ибораси билан боғлиқ. Мазкур ибора жуда камёб, ишониш қийин бўлган воқеаларга нисбатан ишлатилади. Ўзбекона айтганда, “Туянинг думи ерга текканда” содир бўладиган ҳодисалар ҳисобланади.

Россиянинг Пулково расадхонаси матбуот котиби Сергей Смирновнинг айтишича, мазкур ҳодисалар Сибирь ҳудудида ёрқин кўзга ташланади. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn